
Шавкат Мирзиёев: «Ўзбекларнинг чет элдаги оммавий муштлашувлари юртимиз обрўсига путур етказяпти»
Президент чет давлатларда Ўзбекистон фуқаролари уюшган гуруҳлар тузиб, товламачилик, зўравонлик, тадбиркорликка рахна солиш билан шуғулланаётгани ҳақида гапирди.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 январ куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказаётган видеоселектор йиғилишида чет элга бориб олиб, уюшган жиноий гуруҳлар ташкил қилган, у ерда Ўзбекистон фуқароларини ҳам талаётган шахслар фаолиятига чек қўйишдаги сусткашликларни танқид қилди.
«Энг ёмони — чет давлатларда ҳам ўзимизнинг фуқаролар уюшган гуруҳлар тузиб, юртимиздан борганларга нисбатан товламачилик, зўравонлик, тадбиркорлигига рахна солиш билан шуғулланяпти. Ўзбекларнинг чет элдаги оммавий муштлашувлари юртимиз обрўсига путур етказяпти», — деди давлат раҳбари.
Бундан ташқари, илгари фақат «кўча» деб кўрилган уюшган жиноятчилик бугун “бизнес ниқоби” остида даромадли соҳаларга кириб бораётгани қайд этилди. Айниқса, жиноий тўдалар фаолияти кўп қаватли уйлар ва автомашиналар олди-сотдиси, молиявий пирамидалар ташкил қилиш, “Ҳаж” ва “Умра” зиёратига юборишда анча кўпайган. Шаҳарда хонадон сотиш масаласида 3 мингдан зиёд фуқарога 1,3 триллион сўм зарар етказилган. Масъуллар аҳолининг фирибгарлар қопқонига тушиб қолмаслиги учун ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ишламаётгани кўрсатиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг апрель ойида Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида содир бўлган оммавий муштлашувда иштирок этган 8 нафар Ўзбекистон фуқароларига умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.





