
Шавкат Мирзиёев Покистондаги етакчи университетнинг фахрий профессори бўлди
Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон раҳбарига бу ҳақдаги тегишли сертификатни топширди.
Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унволарини бериш маросими бўлиб ўтди.
Бош вазир Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон раҳбарига бу ҳақдаги тегишли сертификатни топширди.
Унвонлар нима учун берилди?
Ушбу унвонлар Ўзбекистон етакчисининг ижтимоий-иқтисодий ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар, мамлакатни изчил модернизация қилиш, фан ва технологияларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик ҳамда академик алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун берилди.
Маросимда Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири, университет раҳбарияти ва академик ҳамжамиятига юксак унвонлар учун миннатдорлик билдириб, таълим соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассисларни биргаликда тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.
Университет ҳақида
1991 йилда ташкил этилган Миллий фан ва технологиялар университети илмий изланишлар ва инновацион фаолият, магистр ва докторларни тайёрлаш ҳамда саноат ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мўлжалланган амалий тадқиқотларни олиб бориш каби йўналишларни ўзида мужассам этган.





