Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан АҚШга етиб борди
Ўзбекистон президенти Доналд Трамп номидаги АҚШ Тинчлик институтида бўлиб ўтадиган Тинчлик кенгашининг биринчи саммити ва бир қатор ишбилармонлик тадбирларида иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 феврал куни рафиқаси ҳамроҳлигида амалий ташриф билан АҚШга етиб борди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Эндрюс” авиабазасида давлат раҳбарини АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм, Миссисипи штати Миллий гвардияси бирлашган штаби қўмондони Жеймс Ҳенкинс ва бошқа расмий шахслар, Вашингтонда ажратилган қароргоҳда эса АҚШ Президентнинг махсус вакили Паоло Замполли кутиб олди.
АҚШга ташриф доирасида президент Шавкат Мирзиёев Тинчлик кенгашининг биринчи саммитида иштирок этади. Саммит АҚШ Тинчлик институтида бўлиб ўтади. Унда Ғазо секторини тиклаш, минтақада гуманитар ёрдам кўрсатиш ва барқарор тинчликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади. Мазкур формат халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга қаратилган.
Ўзбекистон етакчиси ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Американинг етакчи компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари иштирокидаги стратегик лойиҳалар тақдимоти ҳамда иқтисодий соҳага оид икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимида иштирок этиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон кенгаш асосчиларидан бири
22 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Тинчлик кенгаши низомини имзолади. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши билан Ўзбекистон нафақат ташкилот аъзосига, балки унинг асосчиларидан бирига айланди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг Vaqt.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон Тинчлик кенгашига ҳеч қандай молиявий бадал тўламасдан қўшилган. Тинчлик кенгашининг қоидаларига кўра, ташкилотга аъзолик дастлаб уч йиллик муддатни ўз ичига олади. Бироқ, агар бирор давлат ўз ихтиёри билан биринчи йил давомида 1 миллиард доллар миқдоридаги бадални тўласа, унга кенгашда белгиланган муддатдан кўпроқ вақт давомида қолиш имконияти тақдим этилади.
Қозоғистон ҳам Тинчлик кенгашига қўшилиш учун 1 миллиард доллар миқдоридаги ихтиёрий бадал аъзолик шарти ҳисобланмаслиги, бу ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқи эканини айтиб, мамлакат ушбу кенгашга аъзолик бадалисиз қўшилганини маълум қилганди.





