Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга борди

26.02.2026 | 12:072 daqiqa

Президентнинг вилоятга сафари Ҳаким Термизий мақбараси зиёратидан бошлади. Ташриф дастуридан янги лойиҳаларни ишга тушириш ва вилоятни комплекс ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказиш ўрин олган.

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга борди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 феврал куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Давлат раҳбари сафарини, анъанага кўра, Ҳаким Термизий мақбараси зиёратидан бошлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

«Қуръон тиловат этилиб, халқимизга, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо қилинди», – дейилади хабарда.

Уламолар билан бўлиб ўтган суҳбатда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Ҳаким Термизийнинг маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ҳамда ўзбекистонликлар ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилган.

Шунингдек, Ислом динининг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланган.

Маълум қилинишича, кейинги йилларда таъмирланиб, янада обод ва гўзал мажмуага айланган ушбу табаррук масканда зиёратчилар учун барча шароит яратилган. Атроф ободонлаштирилиб, мақбарада ҳам катта ҳажмдаги ишлар бажарилган. Замонавий ёритқичлар, иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилди. Мажмуада микроиқлим яратиш учун тўрт мингдан ортиқ 40 турдаги кўп йиллик манзарали дарахт, 20 мингдан зиёд мавсумий анвойи гуллар экилган.

Ислом илмларининг тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, ислом фалсафаси, тасаввуф тарихи, тасаввуфий қарашлар каби соҳаларида кўплаб асар ёзган мутафаккир мажмуасини обод сақлаш, зиёратчилар учун қулайликларни кенгайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилган.

Президентнинг Сурхондарёга сафар дастури

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича , сафарнинг кенг кўламли дастуридан ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар билан танишиш, янгиларини ишга тушириш ўрин олган.

Эртага, 27 феврал куни давлати раҳбари Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича навбатдаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказади.

Жорий йил бошидан бери Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва тошкент вилоятидаги ҳудудларда бўлиб, раҳбарлар иштирокида видеоселекторлар ўтказганди.

Teglar

Mavzuga oid