Logo

ШҲТ саммитида 28 та ҳужжат имзоланди

Бишкекдаги юбилей саммитида хавфсизлик, наркотикларга қарши кураш, рақамлаштириш, экология ва логистика бўйича ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинди.

ШҲТ саммитида 28 та ҳужжат имзоланди © president.uz

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 1 сентябрь куни бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг юбилей саммити якунига кўра, 28 та ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Саммит Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигида ўтказилди. Унинг таъкидлашича, ҳозир ШҲТга аъзо давлатлар дунё аҳолисининг 40%дан ортиғини бирлаштиради ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб тўртдан бир қисмини таъминлайди.

Айни пайтда ташкилот таркибига Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Саммитда ушбу давлатларнинг барча раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда янги хавфсизлик марказларини ташкил этиш, наркотикларга қарши кураш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, рақамлаштириш, экология ва логистика масалалари муҳокама қилинди.

Хавфсизлик ва наркотикларга қарши кураш

ШҲТнинг 25 йиллигига бағишланган Бишкек декларацияси саммитнинг асосий сиёсий ҳужжати бўлди. Шунингдек, давлат раҳбарлари 2002 йил 7 июндаги ШҲТ Хартиясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомани тасдиқлади.

Қабул қилинган ҳужжатлар орасида ШҲТ давлатлари хавфсизлигига таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ тўғрисидаги низом ҳам бор.

0

Бундан ташқари, ташкилотнинг Наркотикларга қарши кураш маркази Ижроия қўмитаси тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унинг таркибига Бишкек шаҳрида очиладиган Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш маркази киритилади.

Наркотикларга қарши кураш бўйича 2 та дастур ҳам қабул қилинди. Улардан бири 2030 йилга қадар наркотикларга қарамликка қарши курашни, иккинчиси эса 2030 йилгача синтетик гиёҳванд моддалар ва уларнинг прекурсорлари тарқалишига қарши чораларни мувофиқлаштиришни назарда тутади.

Рақамлаштириш ва логистика бўйича режалар

Ҳужжатлар тўпламидан 2026–2028 йилларда халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ШҲТ давлатларининг ҳамкорлик режаси ҳам ўрин олди.

Шунингдек, 2026–2030 йилларда ШҲТ мамлакатларининг портлари ва логистика марказларини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Саммит якунида Қирғизистон ШҲТга раисликни Покистонга топширди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил июнь ойида Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари тегишли декларацияни имзолаганидан сўнг ташкил этилган.

2026 йилга келиб ШҲТ аъзолари сони 10 тага етди. Афғонистон ва Мўғулистон ташкилотда кузатувчи давлатлар ҳисобланади. Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбожа, Қатар, Қувайт, Лаос, Мальдив ороллари, Мьянма, Непал, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка эса ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари мақомига эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни шу саммитда бир қатор янги ташаббуслар қаторида «ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони» концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилганди.

Teglar

Mavzuga oid