
Шимолий вокзал яқинидаги ерости йўлида яна ҳаёт қайнаши мумкин
24.09.2025 | 19:407164
У ерда савдо шохобчалари қайта ташкил этилиши кутилмоқда.

Тошкентдаги Шимолий вокзал ва «Тошкент» метро бекати ўртасидаги ерости йўли тадбиркорлар учун ижарага берилади. Тегишли масала 24 сентябр куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг 15-сессиясида кўриб чиқилди, дея хабар берди Gazeta.uz.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри ҳокими биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров пойтахтда амалга ошириш режалаштирилган лойиҳаларни тақдим этди. Лойиҳалардан бири, Миробод тумани «Тошкент» метро бекатидан Тошкент Шимолий вокзали ўртадан 4000 квадрат метрлик ерости йўлдаги давлат хусусий шерикчилиги асосидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш. Ҳайдаров аввал бу жойда дўконлар бўлганини эслаган.
«Мана бир неча йиллардан бери бўм-бўш турибди 4000 квадрат метр жой. Айнан шу жойда лойиҳаларни қилиб, ўша ерда аҳолини кўпроқ жалб қилиб, кейинчалик бир қисмни ўқув марказлари қилиш, савдо-хизмат кўрсатиш жойлари қилиш таклиф этилади», - деган Ҳайдаров.
Депутатлар лойиҳани бир овоздан маъқуллаган.
Газета.uz'нинг эслашича, 1990 йилларнинг охирларидаёқ Тошкентнинг йирик ер ости ўтиш жойларида ҳаёт қайнаган. Пойтахтнинг энг катта ўтиш жойи — Шимолий вокзалда савдо-сотиқ авжида бўлган. Бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари, газеталар, энг зарур бўлган ноозиқ-овқат маҳсулотлари — тиш чўткалари, ҳожатхона қоғози, дезодорантлар ва йўлда керак бўлиши мумкин бўлган бошқа нарсалар, ҳатто заргарлик буюмлари, соябонлар, кийим-кечаклар, аудио ва видео кассеталар сотиладиган дўкончалар мавжуд бўлган. Бундан ташқари, Шимолий вокзал ерости йўлида пойабзал ва соатни таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатилган.
Бугунги кунда ушбу ер ости ўтиш жойи ўзининг улкан майдони туфайли кимсасиз кўринади. Бу ер қоронғи ва ноқулай. Кўплаб одамлар кўчани юқоридан кесиб ўтишда давом этмоқда.





