«Сиз ютуқли ўйин ғолиби бўлдингиз»: 50 кишидан 200 млн сўмни ноқонуний ўзлаштирган «кибербункер» фош этилди
Чилонзорда ташкил этилган «кибербункер»да 16 нафар оператор сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларни алдаган. Улар савдо платформаларида сохта етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтиб, харидорларга сифатсиз маҳсулотлар юборган.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги кўп қаватли уй ертўласида ташкил этилган ноқонуний «Call-марказ» — «кибербункер» фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоят ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Унда пойтахтнинг Чилонзор туманида жойлашган кўп қаватли уй ертўласида ноқонуний Call марказ – «кибербункер» аниқланган.
«Ютуқли ўйин» ва сохта онлайн дўконлар?
Андижон вилоятида яшовчи, муқаддам фирибгарлик жинояти билан икки марта судланган 32 ёшли Ж.Т. ва унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларга гўёки онлайн савдо платформасининг «ютуқли ўйини» ғолиби бўлгани ҳақида ёлғон маълумотлар берган. Улар «совға» учун тўлов фуқарога ажратилган кредит ёки микроқарз лимити ҳисобидан вақтинча «Alhikma Ilm» МЧЖга ўтказилишини, кейинчалик эса ушбу маблағлар уларнинг корхонаси томонидан қоплаб берилишини ваъда қилиб, жабрланувчилардан маблағлар ўтказилишига эришган.
Шунингдек, гуруҳ аъзолари савдо платформасида ўзларини гўёки маҳсулот етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтказган. Маҳсулот етказиб беришни талаб қилган ёки «устингиздан шикоят қиламан» дея норозилик билдирган айрим харидорларга атайлаб жуда арзон, сифатсиз ёки буюртмага мутлақо мос келмайдиган маҳсулотлар юборган. Бу йўл билан жабрланувчиларнинг эътибори чалғитилиб, ажратилган кредит ёки микроқарз лимитларини тўлиқ ўзлаштиришга эришилган. Маблағлар ўтказиб бўлингач, кўп ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа бутунлай узиб қўйилган.
200 миллион сўмлик зарар ва 2 500 кишининг шахсий маълумотлари
Текширувлар давомида «Alhikma Ilm», «Aksiya Tech Shoop» ва «Grandbook» МЧЖлар орқали «кибербункер»да 16 нафар оператор фаолият юритгани, улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилиб, дастлабки терговга қадар 50 кишининг 200 млн сўмдан ортиқ маблағларини ноқонуний йўл билан ўзлаштиргани аниқланган.
Далил
Тезкор тадбир давомида 22 та компютер жамланмаси, мобил телефонлар, СИМ-карталар, банк пластик карталари ҳамда 2 500 нафардан ортиқ фуқаронинг тўлиқ қайд этилган шахсий ва молиявий маълумотлари рўйхатлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Хабарга кўра, ҳозирда гуруҳ аъзоларининг бошқа ҳудудлардаги фирибгарлик ҳолатларига алоқадорлиги, шунингдек, фуқароларга етказилган моддий зарарни аниқлаш ва қоплаш юзасидан дастлабки тергов ҳамда тезкор-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Агар Сиз ёки яқинларингиз «Алҳикма Ilm», «Акция Tech Shoop» ёки «Грандбоок» МЧЖ фаолияти билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларидан жабр кўрган бўлсангиз, Тошкент вилояти ИИББнинг +998717622135. +998717622024, +998717622025 навбатчилик қисми орқали ёки ўзингизга энг яқин ИИОга мурожаат қилишингиз сўралади. Ҳар бир мурожаат қонуний тартибда кўриб чиқилиб, етказилган зарарларни ундириш бўйича тегишли чоралар кўрилади», - дейилади хабарда.





