
Соғлиқни сақлашга 3,5 трлн сўм: юрак-қонтомир, онкология ва она-бола саломатлиги устувор
2026 йилда соғлиқни сақлашда инфаркт, инсулт, онкология ва она-бола саломатлигига устувор эътибор қаратилиб, ушбу йўналишларга 3,5 трлн сўм ажратилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда юкумли бўлмаган касалликларга қарши кураш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.
Президентнинг таъкидлашича, инфаркт, инсулт, онкологик ва нефрологик касалликлар аҳоли ўлими ва ногиронлигининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ушбу касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш учун молиялаштириш кескин оширилади.
Жами 3,5 трлн сўм маблағ инфаркт ва инсултни даволаш, онкология ва нефрология хизмати, трансплантация, вакцинация ҳамда она-бола саломатлиги йўналишларига йўналтирилади. Бу маблағлар тиббий ускуналар, дорилар ва ихтисослашган марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Мурожаатномада тиббиёт кадрларини тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Ҳозирда Англиянинг «Pearson» компанияси билан ҳамкорликда ҳар бир ҳудудда биттадан техникумда халқаро стандартлар асосида ҳамширалар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Келгусида ушбу техникумларда Германия, Швейцария, АҚШ ва Япония таълим дастурлари жорий этилади. Бу орқали замонавий билимга эга, хорижий тилларни биладиган ва халқаро талабларга жавоб берувчи ҳамширалар тайёрланади.





