Солиқ қоидабузарликлари ҳақида хабар берганларга 3 млрд сўм мукофот пули берилди
Январ ойи давомида фуқаролар юборган қарийб 12,5 мингта мурожаат асосида текширувлар ўтказилди.

2026 йил январ ойида Солиқ қўмитасига соҳавий ҳуқуқбузарликлар юзасидан 12 486 та мурожаат келиб тушди ва улар асосида ўтказилган текширувларда қонунбузарликларнинг 99 фоизи тасдиқланди.
Қўмита ахборот хизмати маълумотига кўра, мурожаатларнинг 1 739 таси такрорий бўлгани ёки тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётгани сабабли кўриб чиқилмаган. Қолган мурожаатлар асосида 5 198 та сайёр солиқ текшируви ташкил этилган.
Энг кўп мурожаатлар
Текширувлар натижасида деярли барча ҳолатларда қонунбузарликлар аниқлангани тизим самарадорлигини кўрсатади. Энг кўп мурожаатлар харид чеки бермаслик ҳолатлари билан боғлиқ бўлиб, бундай шикоятлар сони 10 879 тани ташкил этган.
Шунингдек:
510 таси тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик;
34 таси пластик карта учун харид суммасини ошириш;
1 063 таси бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари.
Қонунбузарликлар ҳақида хабар берган фуқароларга 4 782 та ҳолат бўйича ундирилган жарима суммасидан 20 фоизи, яъни 3 миллиард сўм мукофот тариқасида берилган.
Мазкур амалиёт солиқ интизомини мустаҳкамлаш ва яширин иқтисодиётни қисқартиришда жамоатчилик назоратининг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.





