Сўм мустаҳкамланиши ташқи қарз харажатини тежашга хизмат қилди
2025 йилда миллий валюта 6,9 фоизга мустаҳкамланиб, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари 6–7 фоизга қисқарди.
© Foto: spot.uz2025 йил якунларига кўра, сўмнинг мустаҳкамланиши давлат ва корпоратив ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини ўртача 6–7 фоизга камайтирди. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозори бўйича шарҳида маълум келтирилган.
Ҳисоботга кўра, йил бошидан миллий валюта алмашув курси 6,9 фоизга мустаҳкамланган. Валюта таклифи экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва халқаро пул ўтказмалари ҳисобидан сезиларли ошган. Хусусан, 2025 йилда мамлакатга 18,9 млрд доллар миқдорида пул ўтказмалари кириб келган.
Юридик шахслар томонидан валюта таклифи 36 фоизга ўсган бўлса, талаб 24 фоизга ошган. Экспорт тушумлари 18 млрд долларни ташкил этиб, унинг 40 фоизи ички бозорда сотилган. Шунингдек, банклар томонидан 9,7 млрд доллар хорижий кредитлар ҳисобидан валюта сотилган.
Аҳоли томонидан банкларга 21,7 млрд доллар сотилиб, жисмоний шахслар операцияларининг ижобий салдоси 9,7 млрд долларни ташкил этган. Бу ички бозорда қўшимча валюта таклифини шакллантирган.
Қайд этилишича, сўмнинг мустаҳкамланиши миллий валютага ишончни кучайтирди. Миллий валютадаги депозитлар ҳажми йил бошидан 44 фоизга ўсиб, 240 трлн сўмга етди. Шунингдек, кредит ва депозитлар долларлашуви пасайди, инфляцион кутилмалар секинлашди.





