Logo

Сўмдаги депозитлар даромадлилиги Россия–Украина уруши бошланганидан бери энг паст даражага тушди

Bugun 22:004 daqiqa

Банклардаги миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка апрель ойида 17,4 фоизгача пасайди. Бу 2022-йил февралидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. Жисмоний шахсларнинг сўмдаги муддатли омонатлари бўйича ставка эса 19,9 фоизга тушиб, 2021-йил сентябридан бери энг паст даражани янгилади.

Сўмдаги депозитлар даромадлилиги Россия–Украина уруши бошланганидан бери энг паст даражага тушди

Апрель ойида Ўзбекистон банкларидаги миллий валютадаги депозитлар бўйича ўртача ставка 17,4 фоизгача пасайди. Бу 2022-йил феврали — Россия ва Украина ўртасида уруш бошланганидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Аҳоли омонатлари бўйича ҳам муҳим чегара бузилди. Жисмоний шахсларнинг сўмдаги муддатли депозитлари бўйича ўртача ставка 20 фоиздан пасайиб, 19,9 фоизгача тушди. Бу 2021-йил сентябридан бери энг паст даража бўлиб, ставка 2021-йил октябридан буён илк бор 20 фоиздан пастлади.

Апрель ойида сўмдаги муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка мартга нисбатан 0,7 фоиз бандга, ўтган йил апрелига нисбатан эса 2,1 фоиз бандга камайган.

1

Пасайиш айниқса қисқа муддатли депозитларда яққол кўринмоқда. Бир йилгача бўлган сўмдаги депозитлар бўйича ўртача ставка 15 фоизни ташкил этди. Бу март ойига нисбатан 1,3 фоиз бандга, ўтган йил апрелига нисбатан эса 3,3 фоиз бандга паст.

Бир йилдан юқори муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка 18,1 фоизгача тушди. Мазкур сегментда ҳам пасайиш давом этаётган бўлса-да, узоқ муддатли депозитлар бўйича фоизлар қисқа муддатли омонатларга нисбатан юқорироқ сақланмоқда.

Аҳоли омонатларида 20 фоизлик чегара бузилди

Жисмоний шахсларнинг сўмдаги муддатли депозитлари бўйича ўртача ставка апрель ойида 19,9 фоизни ташкил этди. Бу мартга нисбатан 0,5 фоизга, 2025-йил апрелига нисбатан эса 1,7 фоизга кам. Охирги марта бундай депозитлар ставкаси 2021-йил октябрида 20 фоиздан пасайган эди.

Аҳолининг бир йилгача бўлган омонатлари бўйича банклар ўртача 18,5 фоиз даромад таклиф қилмоқда. Бу кўрсаткич бир ойда 2 фоизга, йиллик ҳисобда эса 2,1 фоизга пасайган.

Бир йилдан юқори муддатли аҳоли омонатлари бўйича ставка 20,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳали 20 фоиздан юқори бўлса-да, мазкур сегментда ҳам пасайиш кузатилмоқда. Ставка мартга нисбатан 0,3 фоизга, ўтган йил апрелига нисбатан эса 1,7 фоизга камайган.

Яъни банклар аҳолидан маблағ жалб қилишда аввалгидек юқори фоиз таклиф қилмаяпти.

23 фоизлик омонатлар ҳам қолмаган

2025-йил бошида Ўзбекистон банкларида аҳоли учун 27 фоизгача омонатлар топиш мумкин эди. Бироқ, Марказий банк аралашуви билан ўша йили омонатлар учун максимал чегара дастлаб 26 фоизгача, кейинчалик 23 фоизгача пасайган эди.

2026-йилдан бошлаб эса 23 фоизлик омонатлар ҳам аста-секин йўқола бошлади. Йил бошида «Hayot bank» ва «Apex Bank» омонатни максимал 23 фоиздан қабул қилишни таклиф қилаётган эди.

Май ойига келиб бирорта ҳам 23 фоиздан омонат таклиф қилмай қўйди. Айни пайтда бир нечта хусусий банк 22 фоиздан омонат қабул қилмоқда.

Омонат ставкаларининг пасайиши инфляцион кутилмаларнинг камайиши, банк тизимидаги ликвидликнинг ортиши ҳамда кредит ставкалари пасайиш тенденциясига киргани билан изоҳланиши мумкин. 

Натижада банклар аввалгидек юқори фоизлар эвазига маблағ жалб қилиш заруратини камроқ сезмоқда.

Реал даромадлилик сақланиб қолмоқда

Номинал ставкалар пасаяётганига қарамай, аҳоли омонатлари бўйича реал даромадлилик кескин ёмонлашгани йўқ. Апрель ойида жисмоний шахсларнинг сўмдаги муддатли депозитлари бўйича реал ставка 8,4 фоизни ташкил этди.

Бу март ойидаги кўрсаткичдан атиги 0,1 фоизга паст. Ўтган йил апрелига нисбатан эса реал ставка 1,9 фоизга юқори.

Бунга инфляцион кутилмаларнинг пасайиши таъсир қилган. Аҳолининг инфляцион кутилмалари апрель ойида 10,6 фоизгача тушди. Таққослаш учун, 2025-йил апрелида бу кўрсаткич 14,2 фоиз эди.

Шу сабабли омонатлар бўйича номинал даромад камайган бўлса ҳам, инфляция кутилмалари пасайиши ҳисобига реал даромадлилик ижобий даражада қолмоқда.

Бизнес депозитларида пасайиш кучлироқ

Юридик шахсларнинг сўмдаги муддатли депозитлари бўйича ўртача ставка апрель ойида 15 фоизгача тушди. Бу март ойига нисбатан 0,5 фоиз бандга, ўтган йил апрелига нисбатан эса 2,4 фоиз бандга кам.

Қисқа муддатли корпоратив депозитлар бўйича ставка 13,9 фоизни ташкил этди. Бир йилдан юқори муддатли депозитлар бўйича эса бизнесга ўртача 15,6 фоиз даромад таклиф қилинмоқда.

Бизнес депозитлари бўйича реал ставка 4,3 фоизни ташкил этди. Бу аҳоли омонатларидаги реал даромадлиликдан анча паст, бироқ ижобий ҳудудда қолмоқда.

Валютадаги депозитларда қисқа муддатли ўсиш бор

Чет эл валютасидаги депозитлар бўйича умумий ставка апрель ойида 4,1 фоизни ташкил этди. Бу март ойига нисбатан 0,6 фоиз бандга юқори, бироқ ўтган йил апрелига нисбатан шунча миқдорда паст.

Ўсиш асосан узоқ муддатли валюта депозитлари ҳисобига шаклланган. Бир йилдан юқори муддатли валюта депозитлари бўйича ставка 5,2 фоизгача кўтарилди. Қисқа муддатли валюта депозитларида эса ставка 2,2 фоизгача пасайди.

Аҳоли учун хорижий валютадаги депозитлар бўйича ўртача даромадлилик 4,9 фоизни ташкил этди. Бизнес учун бу кўрсаткич 2,8 фоизга тенг бўлди.

Teglar

Mavzuga oid