ССВ болалар орасида «ғайриодатий инфекция» тарқалаётганини рад этди

27.10.2025 | 17:182 daqiqa

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалаётган болалар орасидаги «ғайриодатий инфекция» ҳақидаги хабарлар бўйича расмий изоҳ берди.

ССВ болалар орасида «ғайриодатий инфекция» тарқалаётганини рад этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар орасида ўткир респиратор вирусга ўхшаш, лекин ич кетиши ва қайт қилиш билан кечаётган «ғайриодатий инфекция» тарқалаётгани ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирди.

Расмий муносабатда бу ҳолат мавсумий шамоллаш ва ўткир респиратор вирусли касалликлар билан боғлиқ бўлиб, ҳеч қандай ноодатий ҳолат қайд этилмагани айтилган.

Маълум қилинишича, ҳар йили кузда, айниқса ҳаво ҳарорати пасайган пайтда, респиратор вирусли касалликлар сони ортиши табиий жараён ҳисобланади. Одатда шамоллаш мавсуми август охири ёки сентябр бошларида бошланади, жорий йилда эса бу жараён бироз кечроқ — октябр ойининг охирги ўн кунлигида кузатилмоқда.

Вазирлик айрим беморларда шамоллаш белгиларининг фарқли тарзда кечиши мумкинлигини қайд этган. Баъзида касаллик йўтал, аксириш ёки тана ҳарорати кўтарилиши билан намоён бўлса, бошқаларда ошқозон-ичак тизими бузилиши — ич кетиши ёки қайт қилиш кўринишида кечиши мумкин.

Шу билан бирга, ССВ таъкидлаганидек, бир вақтнинг ўзида вирусли ва бактериал инфекциялар оммавий тарзда авж олиши қайд этилмайди. Бу микроорганизмлар табиатидан келиб чиқиб, бири иккинчисининг кўпайишига тўсқинлик қилиши билан изоҳланади.

Вазирлик мавсумий касалликларни коронавирус мутацияси билан боғлаш ҳам нотўғри эканини маълум қилди. Ҳозирги пайтда COVID-19 оддий респиратор инфекция кўринишига айланган ва мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор.

Шунингдек, Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида ЎРВИни даволаш учун зарур дори-дармон ва ўрин-жой захиралари яратилган, эпидемик ҳолат доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида махсус штаб фаолият юритмоқда.

Вазирлик ота-оналарга болаларда шамоллаш ёки инфекция белгилари кузатилганда уларни ўз вақтида оилавий шифокор кўригига олиб боришни тавсия қилди.

Teglar

Mavzuga oid