add

Сурия миллий валютасидан Асад ва оиласининг суратлари олиб ташланади

Bugun 10:432 daqiqa

Ҳозирда муомалада бўлган 2000 фунтлик купюрада Башар Асад, 1000 фунтликда эса унинг отаси сурати акс этган бўлиб, улар 2024 йилнинг декабрида якунланган режим даврини эслатиб туради.

Сурия миллий валютасидан Асад ва оиласининг суратлари олиб ташланади

Сурия ҳукумати мамлакат молия тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва ўтмиш асоратларидан воз кечиш мақсадида янги намунадаги миллий валюта — Сурия фунти муомалага чиқарилишини эълон қилди. 2026 йилнинг 1 январидан бошлаб амалиётга киритиладиган янги банкноталарда мамлакатни ўн йиллар давомида бошқарган Башар Асад ва унинг отаси Ҳофиз Асаднинг тасвирлари бўлмайди.

Сурия Марказий банки раиси Абдел Қодир ал-Ҳасриянинг таъкидлашича, ушбу ислоҳот ҳокимият алмашганидан кейинги янги иқтисодий курснинг ажралмас қисми ҳисобланади. Янги банкноталар сиёсий суверенитет ва миллий бирлик рамзига айланиши кутилмоқда. Марказий банк яқин кунларда эски пулларни янгисига алмаштириш тартиби ва муддатлари бўйича батафсил йўриқномани эълон қилишини билдирди.

Ҳозирда муомалада бўлган 2000 фунтлик купюрада Башар Асад, 1000 фунтликда эса унинг отаси сурати акс этган бўлиб, улар 2024 йилнинг декабрида якунланган режим даврини эслатиб туради. Ўшанда мухолифат кучлари Дамашқни озод қилган, Асад эса Россияга қочиб кетган эди. Янги пуллар олти хил номиналда чиқарилиб, уларда ҳеч қандай сиёсий шахслар портрети ва эски режим белгилари бўлмайди.

Валюта ислоҳоти доирасида деноминация жараёни ҳам амалга оширилиб, пул бирлигидан иккита нол олиб ташланади. Бу уруш йилларида кескин қадрсизланган ва ишончни йўқотган миллий валютани соғломлаштиришга қаратилган. Маълумотларга кўра, янги банкноталарни чоп этиш бўйича шартнома Россиянинг «Гознак» корхонаси билан имзоланган бўлиб, ушбу ташкилот ўн йилдан бери Сурия пулларини босиб чиқариш билан шуғулланиб келади.

Teglar

Mavzuga oid