add

Сурияда янги йилдан валюта алмашади

Bugun 10:552751 daqiqa

Янги банкнотлар жорий этилиши иқтисодий барқарорликни тиклаш ва қадрсизланган миллий пулга ишончни оширишга қаратилган.

Сурияда янги йилдан валюта алмашади

Сурияда 2026 йил 1 январдан эски банкнотларни янги купюраларга алмаштириш жараёни бошланади. Бу ҳақда мамлакат Марказий банки раҳбари Абделқодир Ҳусрия маълум қилди. Унга кўра, жараён марказлашган тартибда амалга оширилади ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида аниқ муддатлар ҳамда манзиллар белгиланади.

Расмий изоҳларга кўра, мазкур қадам Асад даврига тегишли банкнотлардан босқичма-босқич воз кечиш, пул айланмасини тозалаш ва миллий валюта барқарорлигини оширишни кўзлайди. Янги ҳукумат ўн йилдан ортиқ давом этган уруш, халқаро санкциялар ва молиявий яккаланиш ортидан заифлашган давлат институтларини тиклашга интилмоқда.

Ҳозирги президент Аҳмад аш-Шараъа раҳбарлигида иқтисодиётни жонлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Узоқ йиллик инқироз натижасида Сурия фунти кескин қадрсизланиб, аҳоли харид қобилиятига жиддий босим ўтказган.

Август ойида Reuters агентлиги янги купюралар жорий этилишида номиналдан иккита нол олиб ташланиши режалаштирилаётганини хабар қилган эди. Бундай деноминация орқали бозорда ҳисоб-китобларни соддалаштириш ва пулга нисбатан ишончни тиклаш мақсад қилинган.

Айрим молиячилар бу жараён қисқа муддатда инфляция хавфини ошириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Бироқ Марказий банк раҳбарияти алмашинув босқичма-босқич ва назорат остида ўтишини таъкидламоқда. Қўшимча тафсилотлар 27 декабр куни бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида эълон қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Teglar

Mavzuga oid