
Сурхондарёда БАА компанияси билан ҳамкорликда қимматбaҳo металлар қайта ишланади
Сурхондарёда БAA инвесторлари иштирокида қимматбаҳо металл рудаларини қайта ишлашга қаратилган янги лойиҳа юзасидан музокаралар ўтказилди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов БAAнинг «Katawazi Group of Companies» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Делегацияга компания раиси ўринбосари Нуруллаҳ Катавозай бошчилик қилди. Компания раиси Муҳаммад Мирза Катавозай эса музокараларда онлайн тарзда иштирок этди.
Учрашувда Сурхондарё вилояти ҳудудида қимматбаҳо металл рудаларини қайта ишлашга қаратилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Қатор соҳаларда фаолият юритиб келаётган мазкур компаниянинг тажрибаси ва молиявий салоҳияти лойиҳани амалга оширишда муҳим омил сифатида баҳоланди.
Музокаралар якунлангач, томонлар лойиҳани амалга ошириш бўйича ўзаро келишувларга эришди. Хусусан, техник-иқтисодий асосномани ишлаб чиқиш, лойиҳани босқичма-босқич жорий этиш ҳамда ташкилий-ҳуқуқий масалалар юзасидан амалий ишларини бошлашга келишиб олинди.
Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан лойиҳани амалдаги қонунчилик доирасида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳудуд раҳбариятининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, учрашув якунида вилоят делегациясининг 2026 йил 7–9 январ кунлари БAAга амалга оширилган ташрифи давомида эришилган келишувлар ва натижалар юзасидан вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан ахборот берилди.





