Сув танқислигининг олдини олишга 600 млрд сўм ажратилади

06.03.2026 | 15:352 daqiqa

Ўзбекистонда сув танқислигининг олдини олиш учун 600 млрд сўм ажратилиб, 389 km канал реконструкция қилинади.

Сув танқислигининг олдини олишга 600 млрд сўм ажратилади © Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва 2026-йилда кутилаётган сув танқислигининг олдини олиш мақсадида 600 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бу ҳақда 5-март куни қабул қилинган президент қарорида белгиланган.

Маблағ нималарга сарфланади

Қарорга кўра, мазкур маблағ республика бюджети даромадларининг 2026-йил биринчи чораги якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган қисми ҳисобидан қопланади. Ажратилган маблағнинг 480 миллиард сўми каналлар ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишларига, яна 120 миллиард сўми сув танқислигини бартараф этишга қаратилган бошқа чора-тадбирларга йўналтирилади.

Ҳужжатга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги тизимида сув йўқотилиши юқори бўлган 389 километр канални реконструкция қилиш ва бетонлаштириш режалаштирилган. Бу ишлар амалга оширилса, йилига ўртача 206 миллион куб метр сув ва 26 миллион киловатт соат электр энергиясини тежаш имкони пайдо бўлади.

Шунингдек, ушбу тадбирлар натижасида суғориладиган 159 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда. Каналлар ва тармоқлардан сув ўтказиш қуввати 20 фоизгача ошади, сувнинг далаларга етиб бориш вақти эса 2–3 баробарга қисқаради.

Суғориш тармоқларини таъмирлаш ва бетонлаштириш ишлари «бир канал – бир тизим» тамойили асосида амалга оширилади. Яъни аввалдан бетонлаштирилган ёки бу ишлар бошланган каналлардан сув олувчи тармоқлар биринчи навбатда реконструкция қилинади.

Белгиланган вазифалар якуни

Сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, қарорда белгиланган тадбирлар амалга оширилса, сув танқислиги хавфи 20–30 фоизгача камайиши мумкин. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ўртача 20–30 фоизга, маҳсулот етиштириш ҳажми эса 15–25 фоизга ошиши кутилмоқда.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев дунёда сув танқислиги муаммоси тобора кескинлашаётганини таъкидлаб, сувдан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини билдирган эди. Шунингдек, очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш ҳамда каналларни модернизация қилиш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid