Таиланд визаси учун Ўзбекистонликларнинг Москвага бориши талаб этилади
Vaqt.uz сўровига жавобан Ташқи ишлар вазирлиги изоҳ бериб, Ўзбекистон фуқаролари визани электрон тарзда сўраши мумкинлигини маълум қилди. Бироқ аризани якунлаш учун Таиланднинг Москвадаги элчихонасига шахсан бориб, тўловни нақд амалга ошириши керак бўлади.

Таиланд 93 та давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун амалда бўлган 60 кунлик визасиз режимни бекор қилди. Янги тартиб 2026-йил 15-сентябрдан кучга киради.
Ўзбекистон фуқаролари энди Таиландга киришдан олдин виза расмийлаштириши керак бўлади. Аризани Таиланднинг расмий электрон виза портали орқали топшириш мумкин. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Омонилла Файзиев Vaqt.uz сўровига жавобан маълум қилди.
Бироқ электрон ариза беришнинг ўзи етарли эмас. Ариза берувчи шахсан Таиланднинг Москвадаги элчихонасига бориб, виза тўловини нақд пулда амалга ошириши талаб этилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев мамлакат фуқаролари учун қулайроқ шароитлар яратиш устида иш олиб борилаётганини билдирди.
«Биз Таиланд томони билан ушбу тартибни ўзгартириш бўйича музокаралар олиб боряпмиз», — деди у.
Парвоз санасига ҳам эътибор бериш керак
Янги тартиб кучга кириши Таиландга учаётган Ўзбекистон фуқаролари учун сафар санасини ҳам муҳим омилга айлантиради. Шунингдек, 14-сентябрь куни Тошкентдан учиб, эртасига Бангкокка етиб борадиган йўловчиларга ҳам янги виза талаби татбиқ этилади.
Аввалроқ «Uzbekistan Airways» 15-сентябрдан Таиландга туристик мақсадда бораётган Ўзбекистон фуқаролари парвоздан олдин виза расмийлаштириши лозимлигини маълум қилган эди. Авиакомпания виза йиғими АҚШ долларида Таиланднинг энг яқин консулхонасида тўланишини билдирган.
Таиланд нега визасиз тартибни ўзгартирди?
Таиланд ҳукуматининг визасиз режимни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги қарори мамлакатга кириб келаётган айрим хорижликлар томонидан тартибнинг суиистеъмол қилиниши билан боғлиқ хавотирлар фонида қабул қилинган.
Қарор Таиланд бош вазири ва ички ишлар вазири Анутхин Чанвирокун томонидан 31-август куни имзоланган. «Bangkok Post» Таиланд Қироллик газетасига таяниб хабар беришича, ҳукумат май ойида хорижликлар учун визасиз қолиш муддатини қисқартиришни маъқуллаган.
Таиланд ҳукумати айрим хорижликлар мамлакатга турист сифатида кириб, кейинчалик ноқонуний тадбиркорлик билан шуғуллангани, тегишли рухсатсиз ишлагани ёки трансмиллий жиноий схемаларда иштирок этгани ҳақида маълум қилган.
Янги тартиб билан 60 та давлат фуқаролари Таиландда 30 кунгача визасиз қолиши мумкин. Ушбу рўйхатга Австралия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи давлатлари, Грузия, БАА, АҚШ, Туркия, Украина ва Япония каби мамлакатлар киритилган.
Марказий Осиё давлатлари орасида эса фақат Қирғизистон фуқаролари 30 кунгача визасиз кириш имкониятини сақлаб қолади.
Озарбайжон, Беларусь ва Сербия фуқаролари учун бошқа тартиб амал қилади: улар визани Таиландга етиб боргач олиши мумкин.
Ўзбекистон эса на янги визасиз кириш рўйхатига, на мамлакатга етиб боргач виза олиш ҳуқуқига эга давлатлар рўйхатига киритилган.





