Термометрни синдириш билан иситма тушмайди ёхуд Бакиров иши нега тугатилиши керак?

Энергетика вазири ва иқтисодчи ўртасидаги суд жараёни нафақат сўз ва фикр эркинлиги, балки, адолатнинг ҳам катта имтиҳонидир. Хўш, нега бу иш ҳуқуқий жиҳатдан аллақачон тугатилиши керак эди?

Эртага, 7 май куни Яшнобод туман судида иқтисодчи Отабек Бакиров устидан суд бошланади. Бу суд якуни билан нафақат Бакиров, балки Ўзбекистон Конституцияси кафолатлаган фикр эркинлиги устидан ҳам ҳукм ўқилади. Фикримча, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг шикояти асосида бошланган бу “судбозлик” – тизимнинг ўз хатоларини тан олиш ўрнига, ўша хатони кўрсатган бармоқларни синдиришга бўлган уринишидир.

Яқин дақиқалар ичида сиз билан вазир ва иқтисодчи ўртасидаги суд жараёнлари атрофидаги воқеалар ҳақида гаплашамиз.

Ким-ким, Мирзамаҳмудов эмас...

Эслаб кўринг, 2024 йилнинг қаҳратон қиши... Одамлар ўша йили совуқдан дириллаб, метан шохобчаларида кунлаб навбат кутганда, вазирлик мана шу йил ҳам эшитганимиз каби минг хил ваъдалар бериш билан банд эди. Ўшанда Отабек Бакиров нима қилди? У вазирликнинг ишламаётган маълумот берувчи иловаси, энергетика соҳасидаги “қора туйнуклар” ва тизимли коррупция белгиларини очиқ ёзиб чиқди.

У бу орқали одамлар ичидаги гапни, миллионлаб инсонларнинг дардини вазирнинг юзига айтди.

Бугун эса вазир ўша муаммоларни ҳал қилиш, тизимни ислоҳ қилиш ўрнига, ҳақиқатни ёзган одамни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судга судрамоқда. Аслида эса вазирлик иқтисодчининг таҳлилларига рақамлар ва аргументлар билан жавоб бериши керак эди. Иқтисодий баҳс очиқ мулоқотда ечилиши лозим эди. Аммо рақамлар билан кураша олмаган вазирликнинг маъмурий босимга ўтиши, фикримча, ожизликдан ўзга нарса эмас.

Гўё Бакиров жазоланса, эскирган трансформаторлар иши яхшиланади, Бакиров жим қилинса, газ босими ўз-ўзидан кўтарилади ёки ишламаётган илова ишлаб кетади. Қўйсангиз-чи, жаноб Мирзамаҳмудов, ким-ким, одамлар сизнинг соҳангиздаги вазиятни жуда яхши билади-ку!

Иш тугатилиши керак!

Эртанги суд жараёни, фикримча, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам мутлақо мантиқсиз. Сабаби, вазир Мирзамаҳмудовни “хафа қилган” постлар 2023 йил охири ва 2024 йил бошларида ёзилган.

Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 36-моддасига кўра: “Маъмурий жазо чораси маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, у аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.”

Биз гаплашаётган постлар ёзилганидан кейин орадан бир ярим йил ўтди! Қонун тили билан айтганда, бу иш аллақачон архивга топширилиши, даъво муддати ўтгани учун тугатилиши шарт эди. Агар суд бу моддани четлаб ўтиб, блогерга қандайдир жазо тайинласа, демак, бизда қонун устуворлиги эмас, лавозим устуворлиги ғалаба қозонган бўлади.

Иситмага қарши кураш ўрнига термометрни синдириш...

Энергетика вазирлиги ҳозир термометрни синдириш билан иситмани туширмоқчи бўлаётган шифокорга ўхшайди. Бакиров — тизимдаги ҳақиқий аҳволни кўрсатиб турган термометр эди холос. Лекин бу билан энергетикадаги "касалликлар" тузалмаслиги барчага аён ҳақиқат-ку.

Шунингдек, эшитгандирсиз, яқинда Ўзбекистонда энерготаърифлар нархи яна 10 фоизга ошиши кутиляпти. Аммо одамларда нархга яраша сифат кўрмаслик борасида ҳали жавоби топилмаган саволлар, эътирозлар жуда кўп. Шундай пайтда Энергетика вазирлиги бор кучини тизимни яхшилашга эмас, битта блогерни таъқиб қилишга сарфлаётгани — давлат ресурсларини вақтинчалик “араз” учун суиистеъмол қилишдан ўзга нарса эмас.

Жаноб Мирзамаҳмудов тушуниши керак:

· Бакировни жазолаш билан соҳа муаммолари ҳал бўлиб қолмайди;

· Блогерни суд қилиш билан энергетикадаги ислоҳотлар амалга ошиб қолмайди;

· Одамларни қўрқитиш билан шохобчалардаги навбатлар йўқолмайди.

Бу усул билан фақат бир нарсага эришилади: халқнинг давлатга ва ислоҳотларга бўлган ишончи пасаяди.

Суддан нимани кутамиз?

Бугун Яшнобод суди катта имтиҳон қаршисида турибди. Яъни, бу фақат Отабек Бакировнинг эмас, балки Ўзбекистон судининг мустақиллиги имтиҳони ҳамдир. Шу маънода айтган бўлардимки:

1. Энг аввало, иш МЖТКнинг 36-моддаси асосида, даъво муддати ўтгани сабабли зудлик билан тўхтатилиши керак.

2. Судлар амалдорларнинг аразлар майдонига айланмасин. Уларнинг шахсий амбициялари суд қарорларига таъсир қилмаслиги керак.

Ўзбек амалдорлари тушуниши керак: танқид — жиноят эмас, у тизимни даволовчи аччиқ дори холос.

Хулоса

Ҳақиқатни айтиш айб саналган жамият ҳеч қачон ривожланмайди, ўртоқлар. Вазир жаноблари соҳа муаммоларини кўтараётган Бакиров ва унга ўхшаган блогерлар билан эмас, энергетика муаммолари билан курашиши керак. Ҳар ҳолда халқ ва жамият ундан судлардаги фаолликни эмас, соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишдаги фаолликни кўпроқ кутади.

Шунингдек, суд тизими билиши керак: агар эртага вазирнинг даъвоси қаноатлантирилса, бу бошқа амалдорлар учун ҳам “яшил чироқ” бўлади. Бу эса тизимни ислоҳ қилишга эмас, уни танқиддан тўлиқ изоляция қилиш, яъни “кўр ва кар” бошқарувга қайтиш демакдир.

Айтганча, Ўзбекистон бу йил сўз эркинлиги рейтингида 180 давлат орасида 147-ўринни эгаллади. Харитада мамлакат ранги қип-қизил бўлиб ётибди. Ниманинг ҳисобига дейсиз?

 

Илёс Сафаров

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 74

Barchasi

Mavzuga oid

Термометрни синдириш билан иситма тушмайди ёхуд Бакиров иши нега тугатилиши керак? | Vaqt.uz