Тинчлик кенгаши Ғазо учун стейблкоин яратиш режасини ўрганмоқда — «Financial Times»
АҚШдаги маслаҳатчи тузилма урушдан вайрон бўлган ҳудудда рақамли тўлов инфратузилмасини яратиш имкониятини муҳокама қилмоқда.

«Financial Times» хабарига кўра, Трампнинг Тинчлик кенгаши билан ишлаётган амалдорлар Ғазо сектори учун АҚШ долларига боғланган стейблкоин яратиш имкониятини дастлабки босқичда ўрганмоқда.
Нашр манбаларга таяниб ёзишича, лойиҳа ҳали музокаралар даражасида бўлиб, уни амалга ошириш механизми ва ҳуқуқий жиҳатлари бўйича кўплаб саволлар очиқ қолмоқда. Криптовалюта қандай платформалар орқали тарқатилади ва уни ким назорат қилади — бу масалаларга аниқлик киритилмаган.
Лойиҳада кимлар иштирок этади
Манбалардан бирига кўра, эҳтимолий стейблкоин АҚШ долларига боғланади. Лойиҳада Форс кўрфази давлатларида жойлашган компаниялар ҳамда Фаластин компаниялари иштирок этиши мумкин. Бу орқали молиявий барқарорликни таъминлаш ва халқаро шерикларни жалб қилиш режалаштирилган.
«Бу Gaza Coin ёки янги Фаластин валютаси бўлмайди, балки Ғазо аҳолисига рақамли транзакцияларни амалга ошириш имконини берадиган восита бўлади», — деди манбалардан бири.
Нашр қайд этишича, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги икки йиллик уруш натижасида Ғазо сектори иқтисодиёти кескин пасайган. Анъанавий банк тизимлари ва тўлов инфратузилмаси жиддий зарар кўрган, нақд пул айланмаси чекланган.
Шу шароитда рақамли валюта ташаббуси молиявий операцияларни тиклаш ва гуманитар ёрдам тақсимотини шаффофлаштириш воситаси сифатида кўрилмоқда. Бироқ лойиҳа сиёсий, техник ва ҳуқуқий тўсиқлар туфайли ҳали ноаниқлик босқичида қолмоқда.





