Logo

ТИВ Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари текширилгани юзасидан АҚШдан изоҳ сўради

АҚШда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг ўртоқлик учрашуви олдидан Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари ва мураббийлари қатъий хавфсизлик текширувидан ўтказилган эди. Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан Vaqt.uz'га муносабат билдирди.

ТИВ Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари текширилгани юзасидан АҚШдан изоҳ сўради © Ijtimoiy tarmoqlar

АҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Нидерландия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви олдидан ўзбек делегацияси аъзоларига нисбатан амалга оширилган хавфсизлик текширувлари юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ню-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси орқали АҚШнинг тегишли идоралари билан алоқа ўрнатган. Шунингдек, вазиятга оид расмий тушунтириш бериш сўралган.

«Ҳар қандай хавфсизлик чоралари давлатларнинг ички қоидаларига мувофиқ амалга оширилишини тушуниш билан қабул қилган ҳолда, бундай жараёнлар спорт тадбирларининг руҳига, жумладан ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатларга путур етказмаслигини муҳим, деб ҳисоблаймиз», деди Омонулла Файзиев.

Ижтимоий тармоқларда муҳокама

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда 8-июн куни бўлиб ўтган учрашув олдидан Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари қўл металлодетекторлари ёрдамида текширилгани акс этган видеолар тарқалганди. Хавфсизлик ходимлари футболчилар ва мураббийлардан сумкалар ҳамда спорт анжомларини ерга қўйишни сўраган. Ҳудудда хизмат ити билан кинолог ва бошқа хавфсизлик ходимлари ҳам бўлган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро мазкур текширувларни одатий хавфсизлик амалиёти сифатида баҳолади.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси эса текширув хавфсизлик талаблари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини қайд этиб, делегация бундай тартибни кутмаганини маълум қилган.

Ҳозирча АҚШ томонидан ҳолат юзасидан расмий изоҳ берилмаган.

Teglar

Mavzuga oid