
Тожикистон Ўзбекистондан электр энергияси олишни бошлади
Ҳозирда Тожикистонга ҳар суткада 2 млн kWhʼгача электр энергияси етказиб берилмоқда ва Ўзбекистон имкониятлари ошса, бу ҳажм оширилиши кутилмоқда.

Тожикистонда электр энергияси таъминотидаги муаммолар қўшни Ўзбекистондан бошланган етказиб беришлар ҳисобига маълум даражада яхшиланди. Бу ҳақда мамлакат Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги маълум қилди.
Ҳозир Тожикистонга ҳар суткада 2 млн kWhʼгача электр энергияси етказиб берилмоқда ва Ўзбекистон имкониятлари ошса, бу ҳажм оширилиши кутилмоқда. Шунингдек, Марказий Осиё минтақавий энергетика тизимини тиклаш доирасида Қозоғистон ва Туркманистондан ҳам электр энергияси етказиб бериш бўйича дастлабки келишувларга эришилган.
Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлигининг Asia-Plus нашрига маълум қилишича, Ўзбекистон билан ҳамкорлик натижасида мамлакатдаги энергия танқислиги ҳолати бироз енгиллашган. Қозоғистон ва Туркманистон билан ҳам вазирлар даражасида дастлабки келишувлар мавжуд бўлиб, ҳозирда бу мамлакатлардан етказиб беришни амалга ошириш учун техник масалалар ҳал қилинмоқда. Тожикистон жануби-ғарбдаги ташқи бозорларга фақат Ўзбекистоннинг «Регар-Ғузор» 500 kW электр узатиш тармоғи орқали чиқиш имкониятига эга.
Туркманистон ва Қозоғистон электр энергиясининг транзитини таъминлаш учун Ўзбекистон энергетика тизимининг ўтказувчанлик имкониятларини ҳисобга олган ҳолда масалаларни келишиб олиш зарур. Вазирлик Тожикистоннинг энергетика тизими Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизимига (МОБЭТ) тўлақонли параллел ишга тушиши республика шимолий тармоқлари минтақавий «энергетика ҳалқаси»га қўшилгандан кейингина амалга ошишини таъкидлади. Тожикистоннинг МОБЭТга тўлиқ уланиши 2026 йилнинг биринчи чорагида кутилмоқда.
МОБЭТ доирасидаги параллел иш жараёни минтақадаги барча электр станциялари ишлаб чиқарган энергияни ягона тармоққа узатишни англатади. Натижада, тизим иштирокчилари бўлган мамлакатларнинг ҳар бир уланган истеъмолчиси умумий «қозон»дан ўзига керакли миқдорда энергия олиши мумкин бўлади. Танқислик юзага келганда эса, фақатгина «биринчи даражали муҳимлик» тоифасига кирмайдиган истеъмолчиларнинг бир қисмини тармоқдан узиш ягона ечим ҳисобланади. Тизим Тошкентдаги диспетчерлик маркази томонидан мувофиқлаштирилади.
Тожикистонда энергия таъминотидаги вазият озроқ яхшиланишига, шунингдек, сўнгги кунлардаги ёғингарчилик ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Мамлакатнинг асосий гидроэлектр станциялари жойлашган Вахш дарёсига сув оқими сезиларли даражада ошган. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги кунлардаги суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 54 млн kWhʼдан ошган. Бундан олдин бу кўрсаткич 44 млн kWhʼгача тушиб кетган эди.
Айни пайтда Норак сув омборидаги сув сатҳи 902 метр атрофида бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 метрдан кўпроқ паст демакдир. Бу йил сув омбори ресурсларидан фойдаланиш Вахш дарёсида сув оқими камайиши туфайли сентябр ойидаёқ бошланган. Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда электр энергияси етказиб беришга чекловлар сентябр ойининг охирги ўн кунлигидан бери амал қилмоқда.





