
Тўқаев Покистонда: уни қирувчи самолётлар кузатиб борди
Қозоғистон Президенти давлат ташрифи билан Исломободга борди. Шу ҳафтада Ўзбекистон Президентининг ҳам ушбу давлатга ташрифи кутилмоқда.

Бугун, 3 феврал куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат ташрифи билан Покистонга етиб борди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Покистон ҳаво ҳудудида Қозоғистон президенти самолётини Ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари кузатиб борди.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Исломободга ташрифи 3–4 феврал кунларига режалаштирилган. Ташриф доирасида бош вазир Шаҳбоз Шариф ва президент Асиф Али Зардари билан музокаралар ўтказилади. Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинади. Тўқаев қозоғистон-покистон бизнес форумида ҳам иштирок этади.
Унинг ортидан 2026 йилнинг 5–6 феврал кунлари Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам расмий ташриф билан Покистонда бўлиши кутилмоқда. «Business Recoreder» нашрининг ёзишича, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф тайёргарлик ишларини шахсан назорат қилиб, барча идораларга ташриф доирасидаги тадбирларни ўз вақтида якунлаш бўйича топшириқ берган.
Трансафғон темирйўли — асосий лойиҳа
Кун тартибидаги стратегик лойиҳалардан энг муҳими — Трансафғон темир йўлидир. Ушбу йўлак Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб, юк етказиб бериш муддатини 3–5 кунгача қисқартириш ва харажатларни 40 фоизга камайтириш имконини беради. 2025 йилда лойиҳа бўйича техник асослар тайёрланиб, молиялаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Инвестиция ва саноат ҳамкорлиги
Шунингдек, ташриф доирасида Исломободда Ўзбекистон–Покистон бизнес форуми ва «Маdе in Uzbekistan» кўргазмаси ўтказилиб, тўқимачилик, фармацевтика, тоғ-конь ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинади. Ташриф якунларида икки давлат ўртасида ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи Стратегик шериклик олий кенгашини ташкил этиш режалаштирилган.





