
«Тошкент» РФБ валютадаги облигациялар сегментини очишни муҳокама қилади
«Тошкент» РФБ акциядорлари валютадаги облигациялар, хорижий қимматли қоғозлар ва биржа IT тизимини янгилаш масалаларини муҳокама қилиб, бозор келажагини белгилаши мумкин.

2026 йил 13 феврал куни «Тошкент» Республика фонд биржаси акциядорлари навбатдан ташқари умумий йиғилиш ўтказилади. Хорижий валютадаги облигациялар учун ихтисослаштирилган майдонча, хорижий қимматли қоғозлар учун ихтисослаштирилган майдонча ва биржанинг дастурий таъминотини модернизация қилиш ёки алмаштириш масалалари кун тартибига киритилган.
Кун тартибида биржада хорижий валютадаги облигацияларни жойлаштириш ва уларнинг муомаласи учун ихтисослаштирилган майдонча ташкил этиш масаласи бор. Валютадаги облигация инвестор учун фақат «купон» эмас, валюта курсининг тебраниши билан боғлиқ риск ёки баъзан имконият ҳам дегани.
Агар бу сегмент амалда ишга тушса, эмитентлар учун валютада маблағ жалб қилиш имконияти пайдо бўлиши мумкин. Инвесторлар учун эса инструментлар танлови кенгаяди, лекин даромадни баҳолашда курс омили ҳам биринчи ўринга чиқади.
Ўринли савол пайдо бўлади: бундай майдонча ишга тушса, реал савдо бўладими ёки қоғоз «қоғозда» қоладими? Чунки капитал бозорида савдосиз инструмент — бозор инструменти эмас.
Янги сегментлар
Кун тартибидаги иккинчи йирик масала биржада хорижий қимматли қоғозларни жойлаштириш ва уларнинг муомаласи учун ихтисослаштирилган майдонча яратишдир. Бу йўналиш маҳаллий инвесторлар учун танловни кенгайтириши мумкин, яъни ташқи бозорларга яқинроқ инструментлар пайдо бўлиш эҳтимоли бор.
Бироқ бундай сегмент фақат амалий механизм ишлаганда реал натижа беради, яъни ҳисоб-китоб қанчалик тез ва аниқ бўлади, қимматли қоғозлар қаерда сақланади, ким жавобгар ҳамда инвестор учун тушунарли ахборот оқими шаклланадими айнан шулар муҳим.
IT инфратузилма
Кун тартибидаги учинчи бандда биржанинг ўз маблағлари ҳисобидан амалдаги дастурий таъминотни модернизация қилиш ёки алмаштириш масаласи белгиланган. Бу шунчаки IT масаласи эмас, биржада техник инфратузилма савдонинг узлуксизлиги, нарх шаклланиши, маълумот оқими, брокерлар билан интеграция ва киберхавфсизликни таъминлайди. Агар янги инструментлар (валютадаги облигациялар ва хорижий қимматли қоғозлар) кўпаядиган бўлса, тизим юкламаси ҳам мураккаблашади ва бу биржанинг техник тайёргарлигини янада аҳамиятли қилади.
Умуман олганда, «Тошкент» РФБ акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилиши кун тартибига киритилган уч муҳим масала бозор учун валютадаги облигациялар сегменти, хорижий қимматли қоғозлар бўйича савдо йўналиши ва буларни кўтариб турадиган ИТ инфратузилмаси масалаларини англатади. Лекин капитал бозорида натижани кун тартиби эмас, аниқ қоидалар, тушунарли тартиб, мунтазам ахборот ва энг муҳими реал савдо белгилайди.
Г.Бозорова тайёрлади





