Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бобур кўчасида кесилган арчалар юзасидан баёнот берди

27.10.2025 | 07:582 daqiqa

Пойтахт ҳокимлиги Бобур кўчасидаги кўкаламзорлаштириш ишлари вақтида айрим арчалар кесилишига масъуллар томонидан эътиборсизликка йўл қўйилганини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бобур кўчасида кесилган арчалар юзасидан баёнот берди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бобур кўчасида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида кесилган арчалар билан боғлиқ ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, кўча бўйлаб 83 туп пирамидасимон ғужум (эликс) ва 62 мингдан ортиқ манзарали буталар экиш режалаштирилган. Аммо мавжуд дарахтларни кўчириш жараёнида масъул шахслар талабларга тўлиқ амал қилмагани қайд этилган.

Ҳокимлик маълум қилишича, мазкур ҳудудда аввал 145 туп атрофида арча бўлган. Мутахассислар хулосасига кўра, уларнинг кўп қисми касалланган ва қуриб бораётган эди. Шу сабабли уларни эҳтиёткорлик билан кўчириш режалаштирилган, аммо амалда бу талаб бажарилмаган.

Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан хизмат текшируви бошланган ва унинг натижаларига кўра тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинмоқда. Ҳокимлик барча ишлар шинам, хавфсиз ва экологик барқарор шаҳар муҳитини яратишга қаратилганини таъкидлади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт аҳолисига табиат ва яшил муҳитни асраш масаласидаги фаол фуқаролик позицияси учун миннатдорлик ҳам билдирган.

Аввалроқ собиқ депутат, Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев Тошкентнинг Яккасарой туманида 144 туп дарахт мораторий талабларига зид равишда кесиб ташлангани ҳақида хабар қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, 25 октябр тунида дарахтлар кесилаётгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ҳолат вазирлик инспекцияси томонидан ўрганилган. Натижада, Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб Бобур кўчаси бўйлаб жами 144 туп арча дарахти кесиб ташлангани аниқланган.

Гувоҳларнинг айтишича, бу ишлар Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов топшириғи билан, ўрнига янги дарахтлар экиш мақсадида, тунги вақтда амалга оширилган. Аммо бу президент фармонига биноан жорий этилган мораторий талабларига тўлиқ зид ҳисобланади.

Экология вазирлиги маълумотига кўра, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши натижасида табиатга 620 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилган. Ҳужжатлар расмийлаштирилиб, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун прокуратурага юборилган. 

Teglar

Mavzuga oid