Тошкент вилоятида ноқонуний кумуш савдоси фош этилди
Тошкент вилоятида 10 килограммдан ортиқ кумушни 20,8 минг АҚШ долларига сотишга уринган шахс ушланди, текширувлар давомида миллиардлаб сўмлик қимматбаҳо металлар ҳам аниқланган.
© DXX matbuot xizmatiТошкент вилоятининг Зангиота туманида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қимматбаҳо металларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Тергов материалларига кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи 1992 йилда туғилган шахс 13 дона қуйма бўлакдан иборат бўлган жами 10 килограмм 35 грамм кумушни махсус харидорга 20,8 минг АҚШ долларига сотиш вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мутахассислар томонидан ўтказилган баҳолаш натижаларига кўра, мусодара қилинган кумушнинг умумий қиймати 235 миллион 229 минг сўмни ташкил этган.
Яширин захиралар
Терговга қадар текширув жараёнида гумонланувчининг заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият ходими экани маълум бўлди.
Аниқланишича, мазкур корхонада олтин ва кумуш маҳсулотларига қайта ишлов бериш ишлари амалга оширилган. Бироқ корхона қимматбаҳо металларни аффинаж қилиш фаолияти билан шуғулланиш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган қўшимча текширувлар давомида мазкур манзилда катта ҳажмдаги қимматбаҳо металлар сақланаётгани ҳам фош этилди.
Жиноят иши қўзғатилди
Текширув натижаларига кўра, объектда умумий қиймати 3 миллиард 483 миллион сўм бўлган 58 килограмм кумуш ҳамда 2,2 килограмм олтин мавжудлиги аниқланган.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда қимматбаҳо металларнинг келиб чиқиши, уларнинг сақланиши ва эҳтимолий ноқонуний айланмаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





