«Тошкент-Хатирчи» йўналишида ортиқча ундирилган пуллар қайтарилади
09.09.2025 | 11:302 daqiqa
«Тошкент-Хатирчи» автобус қатновида йўловчилардан ортиқча ҳақ олингани аниқланди ва 710 млн сўм истеъмолчиларга қайтарилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, «Ҳунарманд» МЧЖ йўловчиларга хизмат кўрсатиш жараёнида билет нархини асоссиз оширган. Шу боис Қўмита томонидан 2022 йил 22 августдан 2025 йил 31 мартигача бўлган даврдаги қатновлар ўрганилди.
Текширувлар чоғида аҳолига билет сотишда қонун талабларига зид ҳолатлар кузатилгани аниқланди. Хусусан, йўловчилар қўшимча хизматлардан фойдаланишга мажбурланган ёки кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ тўлашга мажбур қилинган.
Натижада 74 мингдан зиёд йўловчига сотилган чипталар бўйича жами 710 млн сўм ортиқча ҳақ ундирилгани маълум қилинди. Шу асосда махсус комиссия иш қўзғатиб, корхонага маблағларни истеъмолчиларга қайтариш юзасидан кўрсатма берди.
Маълумот учун, Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларига 2024 йил ва 2025 йилнинг 7 ойи давомида транспорт соҳасида қарийб 1050 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг натижасида истеъмолчилар фойдасига тахминан 1,4 млрд сўм маблағ қайта ҳисобланган.





