Logo

Тошкентнинг 10 та туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади

Bugun 11:002 daqiqa

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдимномасидан сўнг Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов 10 туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш ҳақида фармойишни имзолади.

Тошкентнинг 10 та туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахтнинг 12 та туманидан 10 таси ҳокимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида фармойиш имзолади. Ҳужжат 2026-йил 3-август санаси билан расмийлаштирилган.

Хизмат текшируви Бектемир (Нурилла Абдураҳмонов), Миробод (Анвар Сайфиддинов), Мирзо Улуғбек (Баҳодир Ғоибназаров), Олмазор (Қудратилла Тўлаганов), Сергели (Даврон Исматов), Учтепа (Бунёд Мамаджанов), Чилонзор (Саидқаҳҳор Холхўжаев), Шайхонтоҳур (Бобур Абубакиров), Юнусобод (Аброрхўжа Саидалиев) ва Яшнабод (Бахтиёр Раҳмонқулов) туманлари раҳбарларига нисбатан ўтказилади.

Мазкур қарорга Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 22 июлда юборган тақдимномаси асос бўлган. Бироқ фармойишда агентлик келтирган важлар ва аниқ ҳолатлар мазмуни ошкор этилмаган.

Комиссия тузилди

Хизмат текширувини ўтказиш учун махсус шаҳар комиссияси шакллантирилди. Комиссияга Тошкент шаҳри ҳокимлигининг комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат хизмати раҳбари Шуҳрат Турдиқулов раҳбарлик қилади. Шунингдек, комиссия таркибидан Тошкент шаҳар ҳокими девони раҳбари Шоҳрух Мамажонов, Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Хондамир Турғунов, Юридик бошқарма бошлиғи Маҳкам Воҳидов, Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Нигора Сабитова ҳам ўрин олган.

Фармойишга мувофиқ, комиссия агентлик томонидан келтирилган важларни холисона ва сифатли ўрганиши, текширув якунлари бўйича тегишли хулосаларни расмийлаштириши лозим.

Натижалар кутилмоқда

Ҳужжатда қайд этилишича, зарурат туғилганда комиссия бошқа давлат органлари ва ташкилотлари мутахассисларини ҳам текширув жараёнига жалб қилиши мумкин.

Фармойиш ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳри ҳокимининг комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат масалалари бўйича ўринбосари Мирмуҳаммад Мирҳамидов зиммасига юклатилди.

Хизмат текшируви натижалари ва агентлик тақдимномасида келтирилган ҳолатлар бўйича ҳозирча қўшимча маълумот эълон қилинмаган.

Teglar

Mavzuga oid