
Трамп Эрон билан савдо қилганларни жазоламоқчи
АҚШ президенти 6 феврал куни Эрон билан савдо-сотиқни давом эттираётган мамлакатларга қўшимча бож тўловлари жорий этишни назарда тутувчи фармонни имзолади.

АҚШ президенти Доналд Трамп 6 феврал куни имзоланган ижро фармони орқали Эрон билан савдо-сотиқни давом эттираётган мамлакатларга қўшимча бож тўловлари жорий этилиши мумкинлигини маълум қилди.
Фармонда қўлланилиши мумкин бўлган аниқ бож миқдори кўрсатилмаган, бироқ мисол сифатида 25 фоиз келтирилган. Ҳужжатга кўра, бу чора Эрондан «бевосита ёки билвосита равишда ҳар қандай товар ёки хизматни сотиб оладиган, импорт қиладиган ёки бошқа йўл билан қўлга киритадиган» ҳар қандай давлатдан АҚШга олиб кириладиган маҳсулотларга татбиқ этилади.
Трамп фармоннинг ўзи ҳақида бевосита изоҳ бермади, аммо 6 феврал кечаси «Air Force One» самолётида журналистлар билан суҳбатда Эрон учун «ядровий қурол бўлмаслиги керак» деган позициясини яна бир бор такрорлади.
Бу қарор АҚШ ва Эрон юқори мартабали расмийлари ўртасида Уммонда ўтаётган музокаралар фонида қабул қилинди. Томонлар бир неча ҳафта давомида ўзаро таҳдидлар билдириб келаётган эди.
Трампнинг олдинги таҳдидлари
Трамп жорий йил бошида «Truth Social» ижтимоий тармоғида эълон қилган постида Эрон билан бизнес қилаётган мамлакатларга 25 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилган эди. 12 январ куни у шундай деб ёзган:
«Дарҳол кучга киради: Эрон Ислом Республикаси билан бизнес қилаётган ҳар қандай мамлакат Америка Қўшма Штатлари билан амалга оширилаётган барча савдо операциялари учун 25 фоизлик бож тўлайди».
Ўша пайтда бу божлар амалда қандай ишлаши ҳақида қўшимча тафсилот берилмаган эди. Оқ уй мазкур ижро фармони «Эрон билан боғлиқ давом этаётган миллий фавқулодда ҳолатни» яна бир бор тасдиқлашини маълум қилди ва вазият ўзгарса, президент уни қайта кўриб чиқиши мумкинлигини таъкидлади.
«Президент Эронни ядровий имкониятларга интилиши, терроризмни қўллаб-қувватлаши, баллистик ракета дастурини ривожлантириши ва минтақада беқарорлик келтириб чиқараётган ҳаракатлари учун жавобгарликка тортмоқда. Бу эса Америка хавфсизлиги, иттифоқчилари ва манфаатларига таҳдид солади», – дейилади Оқ уй баёнотида.
Эрон томонидан ҳозирча расмий муносабат билдирилмади.
АҚШ-Эрон музокаралари
Кеча, 6 феврал куни Уммонда бошланган музокаралар ўтган йил июн ойидан бери АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида ўтаётган илк мулоқот ҳисобланади. Ўшанда АҚШ Эроннинг учта асосий ядровий объектига зарба берган эди.
Эрон делегациясига ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи раҳбарлик қилди. АҚШ томонидан эса махсус вакил Стив Уиткофф ҳамда Трампнинг куёви Жаред Кушнер иштирок этди.
«Air Force One» бортида журналистлар билан суҳбатда Трамп жума куни бўлиб ўтган музокараларни «жуда яхши» деб баҳолади ва Эрон «битим тузишни жуда қаттиқ истаётгандек кўринаётганини» айтди.
«Агар улар келишувга келмаса, оқибатлар жуда оғир бўлади», – деди президент ва келаси ҳафта бошида яна бир учрашув бўлишини қўшимча қилди.
Музокараларга воситачилик қилган Уммон ташқи ишлар вазири Бадр Албусайди суҳбатлар «эронликлар ва америкаликларнинг қарашларини аниқлаштириш ҳамда эҳтимолий илгарилаш йўлларини белгилаш учун фойдали бўлганини» билдирди.
Ароқчи X (собиқ Twitter) тармоғидаги баёнотида музокараларни «яхши бошланиш» деб атади ва «ижобий муҳит ҳукм сурганини» қайд этди. Унинг айтишича, музокарачилар маслаҳатлашув учун ўз пойтахтларига қайтиб кетган.
Икки ўртадаги кескинлик
АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайиши икки давлат ўртасида можаро чиқиши хавфини оширмоқда. 4 феврал кунигина Трамп Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий «жуда хавотирда бўлиши керак»лигини айтган эди.
Президент, агар Эрон ўз ядровий дастури бўйича келишувга боришдан бош тортса, Яқин Шарқдаги бу давлатга зарба беришга тайёр эканини ҳам маълум қилган.
Эрон эса ўз ядровий дастури мутлақо тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб келади ва АҚШ ҳамда унинг иттифоқчилари томонидан илгари сурилаётган «ядровий қурол яратиш» айбловларини бир неча бор рад этган.
Шунингдек, АҚШ минтақада катта ҳарбий куч жамлаган. Трамп буни ўтган ой Эрондаги оммавий ҳукуматга қарши намойишлар шафқатсиз бостирилганига жавоб сифатида «улкан армада» деб атади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари намойишлар вақтида минглаб одамлар ҳалок бўлганини айтаётган бўлса-да, 8 январдан буён ҳукумат жорий этган интернет чекловлари сабабли қон тўкилишнинг аниқ кўлами ҳанузча номаълум бўлиб қолмоқда.





