add

Трамп Россия нефтини харид қилаётган Ҳиндистонга бож билан таҳдид қилди

05.01.2026 | 19:582 daqiqa

АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистон Россия нефтини харид қилишни қисқартирмаса, ҳинд товарларига янги ва янада юқори бож тарифлари жорий этилиши мумкинлигини билдирди.

Трамп Россия нефтини харид қилаётган Ҳиндистонга бож билан таҳдид қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистон ҳукумати Россия нефтини харид қилишни камайтириш талабини бажармаса, ҳинд товарларига нисбатан қўшимча бож тарифлари жорий этилиши мумкинлигини айтди. У бу ҳақда якшанба куни журналистлар билан мулоқот чоғида маълум қилди, деб ёзмоқда «Reuters».

«Моди яхши йигит. У мен норози эканимни ва мени рози қилиш муҳимлигини яхши билади», — деган Трамп Россия–Ҳиндистон нефт савдосига изоҳ бериб. АҚШ президентининг таъкидлашича, Москвага қарши санкциялар ва божларга қарамасдан, бу савдо ҳалигача давом этмоқда.

«Биз улар учун тарифларни жуда тез оширишимиз мумкин», — деган АҚШ раҳбари.

Ўтган йил август ойида АҚШ Ҳиндистон товарларига 50 фоизли бож жорий қилган эди. Шу сумманинг 25 фоизи Россия нефтини харид қилиш билан боғланган. Украинадаги уруш бошланганидан сўнг Ҳиндистоннинг Россиядан нефт хариди 60 баравардан кўпроқ ўсиб, энг юқори нуқтада кунига 2 миллион баррелга етган.

2025 йил ноябрда «Роснефт» ва «Лукойл»га қарши янги санкциялар жорий этилганидан кейин етказиб бериш ҳажмлари кескин камайди. «Kpler» ҳисоб-китобларига кўра, декабрь ойида Россиядан Ҳиндистонга нефт импорти кунига 1,2 миллион баррелга тушиб, сўнгги уч йилдаги энг паст даражани кўрсатган.

Шунга қарамай, Ҳиндистон ҳали ҳам Россиянинг «Urals» навли нефти учун энг йирик харидор бўлиб қолмоқда. Бу нефт урушгача асосан Болтиқ денгизи портлари орқали Европага етказиб берилган.

«Reuters» манбаларига кўра, яқин ойларда Россия нефти оқими яна қисқариши мумкин. Чегирмалар баррелига 25 доллардан ошиб, «Urals» нархи 35 долларгача тушган — бу пандемиядан бери энг паст кўрсаткич.

Манбаларнинг фикрича, Ҳиндистлонда январ ойида Россиядан нефт импорти кунига 1 миллион баррелдан ҳам пастга тушиши мумкин. Ҳукумат нефтни қайта ишлаш заводларига тўғридан тўғри кўрсатма бермаган, аммо улар Россия ва АҚШдан импорт ҳажмлари бўйича ҳар ҳафта ҳисобот тақдим этишга мажбур этилган.

Бу маълумотларни шахсан Нарендра Моди талаб қилгани айтилади. У Трамп билан янги савдо келишуви тузишга интилаётгани қайд этилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid