
Трамп Россия ва Украина ўртасида ядровий урушни тўхтатганини айтди
АҚШ президенти ядровий можароларни бартараф этганини даъво қилар экан, янги стратегик қуроллар келишувини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия ва Украина ўртасида эҳтимолий ядровий урушнинг олди олинганини маълум қилди. Унинг айтишича, у бир нечта минтақада ядровий можаролар кенгайишини тўхтатган. Бу ҳақда у «Truth Social» ижтимоий тармоғида ёзган.

«Мен бутун дунё бўйлаб ядровий урушлар кенгайишини тўхтатдим — Ҳиндистон ва Покистон, Эрон ва Исроил, шунингдек Россия ва Украина ўртасида», — дея таъкидлади Трамп.
Ушбу баёнот Россия ва Украина ўртасидаги уруш давом этаётган, ядровий хавф мавзуси халқаро кун тартибидан тушмаётган бир пайтда айтилди. Бироқ расмий маълумотларга кўра, Украинада ядровий қурол мавжуд эмас.
Ядровий статус масаласи
Украина 1994 йилда «Будапешт меморандуми» доирасида ядровий қуролдан воз кечган. Бу қарор АҚШ, Буюк Британия ва Россия томонидан хавфсизлик кафолатлари берилгани эвазига қабул қилинган эди.
Аммо ушбу кафолатлар Қрим аннексияси пайтида ҳам, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан кейин ҳам амалга ошмади. Шу боис Киев бир неча бор халқаро кафолатлар самарадорлиги масаласини кўтариб келмоқда.
Шу фонда Трампнинг Россия ва Украина ўртасида ядровий уруш хавфини бартараф этгани ҳақидаги баёноти экспертлар орасида турлича баҳоланмоқда.
Янги келишув таклифи
Трамп шунингдек АҚШ ва Россия ўртасидаги стратегик қуролларни қисқартириш тўғрисидаги «Сстратегик ҳужум қуроллари-3» шартномасини узайтиришга қарши эканини билдирди. Унинг фикрича, бу ҳужжат ўрнига янги, замонавий ва самарали келишув ишлаб чиқилиши лозим.
«СҲҚ-3 АҚШ учун ёмон келишилган ва қўпол равишда бузилаётган шартнома. Биз ядровий экспертларимизга узоқ муддат амал қиладиган янги келишув тайёрлашни топширишимиз керак», — деди Трамп.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса шартнома муддати тугагач, Москва унинг мажбуриятлари билан ўзини боғлиқ деб ҳисобламаслигини билдирган. Axios маълумотларига кўра, томонлар ҳозирча яна олти ой давомида «СҲҚ-3» шартларига риоя қилишга келишган.





