add

Трамп Европага тарифлар жорий қилиш фикридан ҳозирча қайтди

Bugun 08:182 daqiqa

АҚШ президенти Доналд Трамп НАТО билан музокаралар ортидан Гренландия туфайли Европа Иттифоқига қарши тарифларни ҳозирча жорий этмаслигини билдирди.

Трамп Европага тарифлар жорий қилиш фикридан ҳозирча қайтди

АҚШ президенти Доналд Трамп НАТО бош котиби Марк Рютте билан Гренландия ва Арктика минтақаси бўйича «жуда самарали учрашув» ўтказганини маълум қилди. Трампнинг сўзларига кўра, ушбу мулоқот давомида келгусидаги эҳтимолий келишувнинг асосий чегаралари белгилаб олинган.

Шу муносабат билан у 1 февралдан кучга кириши керак бўлган Европа давлатларига қарши бож тарифларини ҳозирча бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

Трампнинг таъкидлашича, Гренландия масаласи фақат АҚШ учун эмас, балки бутун НАТО хавфсизлик архитектураси учун муҳим аҳамиятга эга. Унинг таъкидлашича, музокаралар давом этмоқда ва айрим техник ҳамда ҳарбий жиҳатлар ҳали очиқ қолмоқда. Хусусан, АҚШ президенти «Олтин гумбаз» деб аталган лойиҳа ҳақида ҳам тўхталиб ўтди ва унинг Гренландия билан боғлиқ эканини қайд этди. Музокаралар учун вице-президент Жей Ди Вэнс, давлат котиби Марко Рубио ҳамда махсус элчи Стив Уиткофф масъул этиб белгиланди.

 

Европанинг кескин жавоби

Трамп баёнотидан бир неча кун олдин Дания расмийлари АҚШ билан Гренландияни топшириш ёки сотиш бўйича ҳар қандай музокараларни қатъий рад этган эди. Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен Копенгаген бундай мулоқотга «асосий принциплардан воз кечишга қурилган форматда» киришмаслигини очиқ айтди. Унинг таъкидлашича, Гренландияни АҚШга бериш ғоясининг ўзи дат жамияти учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган масаладир.

Бу баёнотлар Трампнинг «Гренландияни сотиб олиш бўйича зудлик билан музокаралар керак», деган сўзлари ортидан янгради. Европа пойтахтларида эса бу чақириқлар босим ва иқтисодий шантаж сифатида қабул қилинди. Айрим манбаларга кўра, АҚШнинг тариф таҳдидлари Европа Иттифоқи доирасида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлган ва Вашингтон билан савдо муносабатларини қайта кўриб чиқиш масаласини кун тартибига чиқарган.

 

Гренландияни аннексия қилиш масаласи

Гренландия Дания қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади. Доналд Трамп бу оролни бир неча бор АҚШ миллий хавфсизлиги учун муҳим деб атаб, Россия ва Хитой томонидан эҳтимолий таҳдидлар билан изоҳлаган.

17 январ куни у Дания ва яна бир қатор Европа давлатларига қарши 1 февралдан 10 фоиз, 1 июндан эса 25 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилган эди. Бу қарорлар Гренландия бўйича «тўлиқ ва якуний келишув»га эришилмагунча амал қилиши айтилган.

Жавоб тариқасида Европа Иттифоқи АҚШ билан савдо келишувини муддатсиз музлатишга қарор қилди. 20 январ куни эса Марк Рютте Трамп маъмуриятига аннексия ўрнига муқобил вариант таклиф этгани маълум бўлди.

CNN маълумотларига кўра, бу таклиф 1951 йилги Гренландияни ҳимоя қилиш шартномасини қайта кўриб чиқиш ва Хитой инвестицияларини чеклаш кафолатларини ўз ичига олади. Энди эса асосий савол — музокаралар ҳақиқий келишувга айланадими ёки янги босим воситаси сифатида қоладими, деган масала бўлиб қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid