Logo

Трампдан кутилмаган шарт: АҚШ ва Саудия ўртасидаги ядровий келишув Исроилга боғлиқ бўлади

Kecha 23:202 daqiqa

Мазкур шарт АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги фуқаролик ядровий келишуви расман эълон қилинганидан 16 соат ўтиб ошкор қилинди.

Трампдан кутилмаган шарт: АҚШ ва Саудия ўртасидаги ядровий келишув Исроилга боғлиқ бўлади

АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида имзоланган фуқаролик ядровий келишуви фақатгина Ар-Риёд Исроил билан дипломатик алоқаларни нормаллаштирган тақдирдагина амалга оширилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг «Truth Social» тармоғида ёзди.

«АҚШ Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистони ўртасида тузилаётган, фақатгина ноҳарбий мақсадларга қаратилган фуқаролик ядровий келишуви тасдиқланади, аммо бу тўлиқ Саудия Арабистонининг Иброҳим келишувларига қўшилишига боғлиқ», — дейилади Трампнинг баёнотида.

Мазкур шарт АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги фуқаролик ядровий келишуви расман эълон қилинганидан 16 соат ўтиб ошкор қилинди. АҚШ Энергетика вазирлигининг дастлабки хабарида Исроил умуман тилга олинмаган эди.

Лойиҳага кўра, АҚШ Саудия Арабистонига электр энергияси ишлаб чиқариш учун ядро дастурини ривожлантиришда ва уранни бойитишда кўмаклашиши керак. Бироқ АҚШнинг ўзида бу қарор кескин танқидга учради — демократлар ва консерваторлар келишувда Саудия Арабистонининг келажакда ядро қуроли яратмаслигини кафолатловчи хавфсизлик чоралари йўқлигини таъкидламоқда.

Саудиянинг позицияси ва танқидлар

АҚШ ва Саудия Арабистони 2023 йилда ҳам мудофаа пакти ва ядровий дастур бўйича келишувга эришишга яқин бўлган, бироқ Исроилнинг Ғазодаги геноциди бунга тўсқинлик қилган. Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш фақат Фаластин давлати ташкил этилишига қаратилган ортга қайтмас қадамлар ташланганидан сўнггина мумкин бўлишини қатъий таъкидлаб келмоқда.

Хабарда қайд этилишича, жорий йилнинг феврал ойида АҚШ ва Исроил томонидан Эронга уюштирилган ҳужумлардан сўнг, Теҳрон минтақадаги Форс кўрфази давлатларини нишонга ола бошлаган ва бу вазиятни янада таранглаштирган.

Teglar

Mavzuga oid

Трампдан кутилмаган шарт: АҚШ ва Саудия ўртасидаги ядровий келишув Исроилга боғлиқ бўлади | Vaqt.uz