Трампнинг Флоридадаги қароргоҳида қуролланган шахс отиб ташланди

22.02.2026 | 22:402 daqiqa

Флоридадаги Доналд Трамп қароргоҳи ҳудудига кирган 20 ёшли шахс Махфий хизмат ходимлари томонидан отиб ташланди. Ҳодиса рўй берган вақтда Трамп Вашингтонда бўлган.

Трампнинг Флоридадаги қароргоҳида қуролланган шахс отиб ташланди

22 феврал куни тунги соат 01:30 атрофида Флорида штатидаги «Мар-а-Лаго» резиденцияси ҳудудида қуролли шахс ўққа тутилди. АҚШ Махфий хизмати матбуот котиби Энтони Гулйелмининг маълум қилишича, 20 ёшли йигит резиденциянинг шимолий дарвозаси ёнида милтиққа ўхшаш буюм ва ёқилғи канистри билан аниқланган.

Ходимлар ва шериф ўринбосари аввал у билан мулоқот ўрнатган, аммо вазият тўқнашувга айланган. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўқ узган. Расмий баёнотга кўра, Махфий хизмат ва полиция ходимлари жабрланмаган. Ҳодиса пайтида резиденцияда ҳеч ким бўлмаган, Доналд Трамп Вашингтонда бўлган.

Аввалги ҳодисалар

«Мар-а-Лаго» хавфсизлик жиҳатидан алоҳида муҳофаза қилинади ва Трамп уни кўпинча халқаро учрашувлар ўтказиш жойи сифатида ишлатади. Бу ҳудудга ноқонуний кириш ҳолати биринчи марта эмас.

Ўтган йил ёзида Техаслик бир шахс девордан ошиб кириб, Трамп билан «Инжил ҳақида гаплашиш» ва унинг набирасига уйланиш ниятини билдирган. 2020 йил январ ойида эса номаълум шахслар қора йўлтанламас машинада икки назорат нуқтасини ёриб ўтишга уринган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўқ очган.

2019 йил апрелида Хитой фуқароси ўзини клуб аъзосининг қариндоши сифатида таништириб, ҳудудга кирган. Унинг ёнидан бир нечта телефон, ноутбук ва зарарли дастурий таъминотли флеш-хотира топилган. Кейин суд уни саккиз ой қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Хавфсизлик ва сиёсий фон

Сўнгги ҳодиса хавфсизлик чораларининг янада кучайтирилишига сабаб бўлиши мумкин. Махфий хизмат президент ва унинг оиласига тегишли объектлар атрофида юқори даражадаги назоратни сақлаб келади.

Мутахассисларнинг фикрича, АҚШдаги сиёсий кескинлик шароитида бундай ҳодисалар хавфсизлик тизимига қўшимча босим юкламоқда. Тергов органлари воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.

Teglar

Mavzuga oid