
Транспорт хизматлари ҳажми 168 трлн сўмдан ошди
Ўзбекистонда транспорт соҳадаги ўсиш логистика, йўл-транспорт инфратузилмаси ва иқтисодий фаоллик кучайганини кўрсатмоқда.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда транспорт хизматлари ҳажми 168,4 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 12,9 фоизга ошди.
Маълумотларга кўра, ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда транспорт хизматлари ҳажми 38,6 трлн сўмни ташкил этган.
Вилоятлар орасида Самарқанд 12,8 трлн сўм ва Тошкент вилояти эса 12,2 трлн сўм билан юқори кўрсаткичларни қайд этган. Фарғона вилоятида транспорт хизматлари ҳажми 9,8 трлн сўмни, Андижон вилоятида эса 7,9 трлн сўмни ташкил этган.
Шунингдек, Бухоро вилоятида 6,9 трлн сўм, Қашқадарё вилоятида 6,8 трлн сўм, Наманган вилоятида 6 трлн сўм ҳажмида транспорт хизматлари кўрсатилган. Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич 4,5 трлн сўмга тенг бўлган.
Энг паст кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилган бўлиб, у ерда транспорт хизматлари ҳажми 1,3 трлн сўмни ташкил этган. Бу ҳудудлар ўртасидаги фарқ транспорт инфратузилмаси, аҳоли зичлиги ва иқтисодий фаоллик даражаси билан боғлиқ.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йилнинг 11 ойида савдо хизматлари умумий ҳажми 158 трлн сўмдан ошгани ҳақида хабар бергандик.





