Украина фронт олд чизиғидаги аскарларнинг 30 фоизини жанговар роботлар билан алмаштирмоқчи

Bugun 07:552 daqiqa

Украина Қуролли Кучлари тарихда илк бор фақат дронлар ва ер усти роботлари ёрдамида душман позициясини эгаллаб, аскарларни асирга олди. Эндиликда Украина армияси инсон омилини камайтириш ва йўқотишларнинг олдини олиш учун жанг майдонига минглаб темир аскарларни олиб кирмоқда.

Украина фронт олд чизиғидаги аскарларнинг 30 фоизини жанговар роботлар билан алмаштирмоқчи

Украина президенти Володимир Зеленский ўтган ҳафтада Украина Қуролли Кучлари тарихда биринчи марта пиёдалар иштирокисиз, фақат ер усти роботлаштирилган комплекслари ва дронлар ёрдамида рақиб позициясини эгаллаб, асирлар олганини маълум қилди. «Politico» нашрининг ёзишича, Харкив областида ўтказилган ушбу операцияда Украина штурм гуруҳлари нишондан 5 км узоқликда туриб, жангни масофадан бошқарган. Камикадзе роботлар душман иншоотига зарба берганидан сўнг, рақиб аскарлари таслим бўлишини билдирган ва ҳаво дронлари ҳамроҳлигида асирликка олиб келинган. Украина пиёдалари эса бирорта ўқ узмасдан, бўшаган позицияни назоратга олган.

Бу муваффақият Украинанинг 2026-йил учун белгилаган стратегик мақсади — фронтнинг энг мураккаб ҳудудларида шахсий таркибнинг 30 фоизини технологиялар билан алмаштириш режасининг бир қисмидир. Ҳозир Украина армиясида 150 дан ортиқ бўлинмалар жанговар роботлардан фаол фойдаланмоқда. Россия армиясининг сон жиҳатдан устунлигига ва «гўшт қиймаловчи штурмлар» тактикасига жавобан, Украина масофавий ва автоном уруш олиб бориш тизимига ўтмоқда. Карнеги жамғармаси ҳисоботига кўра, бундай технологиялар аллақачон уруш характерини ва ҳарбий куч ишлатиш усулларини тубдан ўзгартириб юборди.

 

Ҳарбий соҳадаги янги давр

2025-йил бошидан буён Украина Мудофаа вазирлиги 40 га яқин янги турдаги робот моделларини маъқуллади. Агар 2024-йилда улар асосан иккинчи даражали вазифаларни бажарган бўлса, 2026-йилга келиб жанговар топшириқларнинг асосий қисми уларнинг зиммасига тушмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган йил якуни бўйича армияга 15 мингта робот етказиб берилган бўлса, 2026-йилнинг биринчи ярмида яна 25 мингта ер усти комплексларини сотиб олиш бўйича шартномалар тузилган. Бу кўрсаткич аввалги йилдагидан икки баробар кўпдир.

Даставвал роботлар фақат юкларни ташиш ва ярадорларни эвакуация қилиш учун ишлатилган бўлса, ҳозирда улар фронт логистикасининг ажралмас қисмига айланди. Март ойининг ўзида ушбу комплекслар фронтда 9 мингдан ортиқ логистика ва эвакуация вазифаларини бажарган.

Украина ҳукумати фронтдаги таъминот ва логистика тизимини 100 фоиз роботлаштиришни мақсад қилган. Мутахассислар жанговар роботларнинг пайдо бўлишини XX аср бошларида пулемёт, танк ва самолётларнинг уруш майдонига кириб келиши билан солиштирилмоқда. Украинанинг «аскарлар ўрнига роботлар жанг қилсин» деган шиори бугунги кунда замонавий урушнинг асосий тамойилига айланиб бормоқда.

Teglar

Mavzuga oid