add

Уругвай АҚШ долларига қарши уруш эълон қилди

Bugun 11:282 daqiqa

Уругвай ҳукумати иқтисодиётда доллар ролини кескин қисқартириш ва миллий песога ишончни тиклаш учун қатъий чоралар пакетини ишга туширмоқда.

Уругвай АҚШ долларига қарши уруш эълон қилди

Лотин Америкасидаги энг долларлашган иқтисодиётлардан бири саналган Уругвай миллий валюта — песони қайта тиклаш йўлида радикал қадамларга ўтмоқда. Мамлакат Марказий банки раиси Гилйермо Толоса долларга бўлган ортиқча боғлиқлик аҳоли фаровонлигига салбий таъсир қилаётганини таъкидлаб, иқтисодиётни дедолларлаштириш бўйича кенг қамровли дастурни эълон қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Толосанинг таъкидлашича, уругвайликларнинг долларга ишончи ўтган асрдаги инфляция ва молиявий беқарорлик даврларидан қолган одат бўлиб, ҳозирги шароитда бу амалиёт хавфли стратегияга айланган. У бизнес доиралари билан учрашувда долларда жамғаришни «казинода қимор ўйнашга ўхшаш» деб атади. Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, охирги 20 йил ичида доллардаги жорий ҳисобварақлар реал харид қобилиятининг қарийб ярмини йўқотган.

Ҳукумат режаси «қамчи ва ширинкулча» тамойилига асосланади. 2026 йилдан бошлаб долларда кредит берувчи банклар учун капитал талаблари оширилади. Бу долларда қарз беришни қимматлаштириб, молиявий муассасаларни миллий валютага ўтишга мажбур қилади. Шу билан бирга, песода очилган айрим депозитлар бўйича мажбурий захира талаблари бекор қилиниб, миллий валютада кредитлаш рағбатлантирилади.

Муҳокама қилинаётган яна бир чора — нархларни мажбурий равишда песода кўрсатиш. Ҳозирча Уругвайда кўчмас мулк, автомобиллар ва қиммат техника нархлари асосан долларда белгиланади. Бу амалиёт аҳолининг долларга психологик боғлиқлигини янада кучайтираётгани таъкидланмоқда.

Уругвай сиёсати қўшни Аргентина билан кескин қарама-қаршиликни юзага чиқармоқда. Бу ерда президент Хавиер Милей долларлашувни очиқ қўллаб-қувватлаб, ҳатто песони бекор қилиш ғоясини ҳам илгари сурмоқда. Уругвай президенти Яманду Орси эса аксинча, миллий валюта суверенитетини тиклашни стратегик мақсад сифатида белгилаган.

Аммо вазифа осон эмас. Бугунги кунда Уругвайда банк депозитларининг 66 фоизи ҳали ҳам АҚШ долларида сақланмоқда. Аҳолининг бундай танлови тарихан юқори инфляция билан боғлиқ. Шу боис ҳукуматнинг асосий синови — инфляцияни барқарор назорат қилиш. Ҳозирча натижалар ижобий: инфляция кетма-кет икки ярим йилдан бери 3–6 фоизли мақсадли диапазонда ушлаб турибди.

Teglar

Mavzuga oid