Урушдан кейинги Украинани тиклаш учун харажатлар миқдори маълум қилинди
Тўрт йиллик уруш оқибатларини бартараф этиш учун зарур маблағ мамлакат иқтисодиёти ҳажмидан қарийб уч баравар юқори деб баҳоланмоқда.

Украинани тўлиқ кўламли урушдан кейин тиклаш учун келаси 10 йил мобайнида 587,7 млрд доллар талаб этилади. Бу ҳақда Украина ҳукумати, Жаҳон банки, Еврокомиссия ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тайёрланган қўшма ҳисоботда маълум қилинди. Баҳолаш 2025 йил 31 декабр ҳолатига асосланган.
Энг кўп харажат талаб қилинадиган соҳа
Украина бош вазири Юлия Свириденкога кўра, ушбу сумма 2025 йил учун прогноз қилинган номинал ялпи ички маҳсулотдан қарийб уч баравар кўп. Ҳисоботда қайд этилишича, энг катта харажат — 96 млрд доллар — транспорт инфратузилмасини тиклашга тўғри келади.
Уй-жой фондини қайта қуриш учун 90 млрд доллар;
Савдо ва саноат сектори учун 63 млрд доллар;
Қишлоқ хўжалиги учун эса 55 млрд доллар зарур.
Шунингдек, мамлакат ҳудудларини мина ва портлаш оқибатларидан тозалаш ишларига қарийб 28 млрд доллар ажратиш талаб этилади. Тўғридан тўғри етказилган зарар ҳажми 195 млрд доллардан ошган бўлиб, бу аввалги баҳолашдан 19 млрд долларга кўп. Энг катта зарар фронтга яқин вилоятлар ва йирик шаҳарларда қайд этилган.
Ўтган йил билан солиштирганда
Янги ҳисобот ўтган йилги 524 млрд долларлик баҳолашдан анча юқори. Бу ўсиш энергетика объектларига етказилган зарарнинг 21 фоизга, транспорт соҳасидаги эҳтиёжнинг эса 24 фоизга ошгани билан изоҳланади. 2025 йил охирига келиб, уй-жойларнинг 14 фоизи шикастланган ёки вайрон бўлган, бу уч миллиондан ортиқ хўжаликка таъсир кўрсатган.
Аввалроқ Украина собиқ бош вазири, ҳозирги энергетика вазири Денис Шмихал мамлакатни тиклаш учун 14 йил давомида 1 трлн доллар керак бўлишини айтган эди. Унинг таъкидлашича, бу мақсадда хорижда мусодара қилинган Россия активлари ва хусусий инвестициялар ҳисобига икки жамғарма тузиш таклиф этилган.





