add

Uzbekistan Airports'га ўртача ESG рейтинги берилди

Bugun 12:352732 daqiqa

Халқаро рейтинг компанияда бошқарув шаклланганини, аммо экологик ва ижтимоий камчиликлар сақланиб қолганини кўрсатмоқда

Uzbekistan Airports'га ўртача ESG рейтинги берилди

«Sustainable Fitch» халқаро рейтинг агентлиги Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятига 48 балл билан 3-даражали ESG рейтингини берди. Агентлик баҳосига кўра, компанияда барқарорлик бўйича асосий бошқарув тузилмалари мавжуд, бироқ экологик ва ижтимоий амалиётлар ҳали етарли даражада ривожланмаган.

Uzbekistan Airports Ўзбекистон фуқаро авиацияси инфратузилмасини бошқарувчи асосий оператор ҳисобланади. Компания 11 та халқаро ва олтита ички аэропортни, шунингдек, ерда хизмат кўрсатиш, юк ташиш ва ўқув фаолияти билан шуғулланувчи шўба корхоналарни назорат қилади. У тўлиқ давлат мулки бўлиб, Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги орқали бошқарилади.

Sustainable Fitch шкаласида «3» — ўртача даража ҳисобланади. Бу компанияда ESG бўйича бошланғич ва институционал асослар мавжуд, лекин экологик ва ижтимоий амалиётлар ҳали етарлича чуқур эмаслигини англатади. Яъни гап илғор стандартлар ҳақида эмас, балки минимал талабларга яқинлашиш ҳақида кетмоқда.

Агентлик экологик қисмда 2050 йилга қадар Net Zero мақсадини ижобий баҳолаган. Бироқ асосий муаммо — оралиқ мақсадлар йўқлиги. 2030 ёки 2040 йил учун аниқ кўрсаткичлар белгиланмаган, учинчи тоифадаги чиқиндилар бўйича очиқ ҳисобот йўқ. Бу эса узоқ муддатли ва назорат қилинадиган стратегия мавжуд эмаслигини кўрсатади.

Ижтимоий соҳада меҳнат хавфсизлиги ва кадрлар барқарорлиги қайд этилган бўлса-да, раҳбариятда аёллар улушининг пастлиги, таъминот занжири бўйича аниқ ижтимоий мажбуриятларнинг йўқлиги рейтингни чеклаган омил сифатида кўрсатилган. Бу халқаро ESG инвесторлари учун сезиларли камчилик ҳисобланади.

Корпоратив бошқарув қисми нисбатан кучли баҳоланган, аммо бу ерда ҳам кенгаш мустақиллигининг чеклангани ва молиявий ҳисобот бўйича шартли аудит хулосаси мавжудлиги алоҳида таъкидланган. Бу эса шаффофлик масаласида ҳали ҳал этилмаган саволлар борлигини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, берилган ESG рейтинги Uzbekistan Airports'ни илғор компаниялар қаторига қўшмайди. У халқаро стандартлар билан иш бошланганини, аммо экологик ва ижтимоий соҳада аниқ мақсадлар, шаффоф ҳисобот ва чуқур ислоҳотлар ҳали олдинда эканини кўрсатади.

Шунингдек, Uzbekistan Airports маълумотларига кўра, компания 2026 йил бошида «Airport Carbon Accreditation» дастурининг 1-даражасини саккизта аэропорт учун ва 2-даражасини Тошкент халқаро аэропорти учун олишни режалаштирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid