
UZEXда корпоратив ўзгаришлар: бозор навбатдаги SPOни кутяптими?
UZEXда устав ва бошқарув қоидаларининг янгиланиши, мустақил аъзолар улуши ошиши ва молиявий ўсиш бозорда эҳтимолий SPO ҳақида саволларни кучайтирмоқда.

2026 йил 22 январ куни «Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси» акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кворуми 81,21 фоизни ташкил этди, кун тартибидаги асосий масалалар 99 фоиздан ортиқ овоз билан тасдиқланди.
Йиғилишда биржанинг устави янги таҳрирда қабул қилиниб, кузатув кенгаши таркиби 9 нафар аъзодан иборат этиб белгиланди. Улардан 3 нафари мустақил аъзо бўлиши шартлиги уставда алоҳида қайд этилди. Шунингдек, кузатув кенгаши тўғрисидаги низом ҳам уставга мувофиқ равишда қайта тасдиқланди.
Бу қарорлар корпоратив бошқарувда мустақилликни кучайтиришга қаратилган. Шу билан бирга, бошқарув органларини рағбатлантириш тўғрисидаги янги низом тасдиқланмади, ушбу масала бўйича акциядорлар ўртасида овозлар деярли тенг тақсимланди. Бу ҳолат бошқарув харажатлари ва мотивация масалаларида эҳтиёткорлик сақланаётганини кўрсатади.
2026 йил февраль ойи бошида биржа кузатув кенгаши ва ижроия органи аъзоларининг акцияларга эгалик қилишдаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам ошкор қилинди. Расмий реестрга кўра, айрим аъзолар улуши қисқарган, айримларида эса ошган, бироқ бу ўзгаришлар компания устав капиталида ҳал қилувчи таъсир кўрсатмайдиган даражада қолмоқда.
Муҳим жиҳати шундаки, ушбу маълумотлар қонунчилик талабларига мувофиқ равишда ўз вақтида очиқланган. Бу UZEXда ахборот ошкоралиги ва инвесторлар олдида ҳисобдорлик механизми сақланаётганини кўрсатади.
Айни пайтда биржа акциялари бўйича қўшимча жойлаштириш ёки иккинчи оммавий таклиф тўғрисида ҳеч қандай расмий қарор қабул қилинмаган. Аммо корпоратив бошқарув тузилмасини қайта кўриб чиқиш ва очиқлик стандартларини мустаҳкамлаш бозор томонидан эътибор билан кузатиладиган жараёндир.
2025 йил якунларига кўра, UZEXда тузилган битимлар умумий ҳажми 2024 йилга нисбатан 31 фоизга ўсди. Биржа савдолари 24 фоизга, электрон давлат харидлари эса 46 фоизга ошди. Шу даврда «Fitch Ratings» биржа бўйича прогнозни «барқарор»дан «ижобий»га ўзгартириб, рейтингни «B» даражасида тасдиқлади.
Расмий манбаларда SPO ўтказиш бўйича қарор мавжуд эмас. Бироқ корпоратив бошқарувни институционал стандартларга яқинлаштириш, мустақил аъзолар улушини ошириш ва молиявий натижаларнинг барқарорлиги одатда очиқ бозорда қўшимча жойлаштиришлар олдидан кузатиладиган омиллар ҳисобланади.
Г.Бозорова тайёрлади.





