«Uzsungwoo»нинг 50 фоизи 585 млрд сўмга сотилди

Bugun 20:022 daqiqa

«Roodell» МЧЖ UzAuto Motors компаниясига муҳим эҳтиёт қисмларини етказиб берувчи компаниядаги давлат улушини сотиб олди.

«Uzsungwoo»нинг 50 фоизи 585 млрд сўмга сотилди

Бугун, 1-июнь куни «Uzsungwoo» МЧЖ қўшма корхонасидаги 50 фоиз давлат улуши учун аукцион бўлиб ўтди.

Кимошди савдосида 585,8 млрд сўм нарх билан «Roodell» МЧЖ ғолиб деб топилди. Бошланғич нарх 390,5 млрд сўм эди.

«Uzsungwoo» компаниясининг қолган улушига Жанубий Кореянинг Sungwoo Hitech Co. Ltd (40 фоиз) ва I-Zone Co. LTD (10 фоиз) компаниялари эгалик қилади.

Шу тариқа, аукцион натижалари бўйича «Uzsungwoo» компаниясининг умумий қиймати қарийб 1,2 трлн сўм ёки 100 млн долларга баҳоланди.

Компания расмий сайтида маълум қилишича, «Uzsungwoo» енгил автомобиллар учун штампланган ва пайвандланган автомобиль қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган ташкилотдир.

Фарғона шаҳрида жойлашган завод асосан UzAuto Motors ишлаб чиқарадиган автомобиллар (масалан, Chevrolet Cobalt) учун эҳтиёт қисмлар етказиб беради.

«Roodell» қандай компания?

«Roodell» МЧЖ — ADM компаниялар гуруҳининг юридик номи ҳисобланади. Компания 2014-йили ташкил этилган бўлиб, «ADM Jizzakh» заводида ишлаб чиқариладиган автомобиллар савдоси билан шуғулланади.

Жиззахдаги заводда Kia, Chery, Haval ва Changan каби автомобиль брендлари ишлаб чиқарилади. Уларга талаб сўнгги йилларда сезиларли ўсмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда сотилган маҳаллий автомобилларнинг 11,9 фоизи «ADM Jizzakh» заводига тўғри келмоқда. Бу кўрсаткич икки йил аввал атиги 7 фоиз эди.

Бундан ўсиш фонида сотилган автомобиллар орасида UzAuto Motors улуши апрель ойи якунига келиб илк марта 50 фоиздан пасайиб кетди.

«Roodell» компанияси 2025-йили давомида 1,2 трлн сўмга яқин даромад қилиб, 410 млрд сўм соф фойда олишга эришди.

Компания эндиликда UzAuto Motors учун муҳим эҳтиёт қисмларини етказиб берадиган «Uzsungwoo»нинг 50 фоизини ҳам сотиб олмоқда.

Бу бозорда UzAuto Motors улуши янада қисқаришига олиб келиши мумкин.

Аввалроқ «UzChasys»даги давлат улуши 333 млрд сўмга сотилганди.

Teglar

Mavzuga oid