
Васий яшаш жойини ўзгартириши учун бола розилиги талаб этилиши мумкин
Парламентда болалар ҳуқуқларини кучайтириш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

17 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Ҳужжатда болалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор янги нормалар назарда тутилган.
Қонун лойиҳасига кўра, таълим ташкилотида болани тарбиялаш ва ўқитиш мажбурияти юклатилган шахс томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилган тақдирда маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Бу норма таълим муҳитида болалар хавфсизлигини таъминлашни кучайтиришга қаратилган.
Шунингдек, нотариуслар болани фарзандликка олиш, васийлик ёки ҳомийликка бериш ҳақидаги аризаларда имзоларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлагани тўғрисидаги маълумотларни «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этиб бориши мажбурий қилиб белгиланмоқда. Бу тартиб болалар тақдири билан боғлиқ қарорларда шаффофликни оширишни кўзда тутади.
Лойиҳада муҳим янгилик сифатида, агар васий ёки ҳомий ўз яшаш жойини ўзгартирмоқчи бўлса, шу жумладан чет элга кўчиб кетиш ҳолатида, васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма рухсати ҳамда васийликка олинган 10 ёшга тўлган боланинг розилиги талаб этилиши белгиланмоқда. Бу боланинг фикрини инобатга олишни қонун даражасида мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ундирилаётган алимент миқдорини камайтириш билан боғлиқ ишларга «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари вакилининг мажбурий иштироки жорий этилиши таклиф этилган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмалари эса боланинг даволаниши ва реабилитацияси учун қилинган қўшимча харажатларни ундиришда давлат божидан озод этилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг айрим моддаларига эътирозлар билдириб, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритдилар. Қонун лойиҳаси қўшимча ишлаш учун масъул қўмитага қайтарилди.





