Вазирлик талабалар стипендиялари нега кечикаётганига изоҳ берди
10.10.2025 | 10:402 daqiqa
Аввалроқ Vaqt.uz бир нечта олийгоҳ талабалари стипендия ололмаётганини ҳақида хабар берган эди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бунга расмий муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда бир қатор олий таълим муассасаларида талабалар стипендиясининг ўз вақтида тўланмаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўзбекистон Миллий университети, Консерватория, Санъат ва маданият институти, Тошкент давлат аграр университети ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети талабаларидан бу борада Vaqt.uz'га мурожаатлар келган.
Бу ҳолат бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий изоҳ берди. Маълумотга кўра, барча олийгоҳларда юқори босқич талабаларига стипендиялар тўлиқ тўлаб берилган. Бироқ айрим таълим муассасаларида биринчи босқич талабалари учун стипендия тайинлаш бўйича буйруқларни расмийлаштириш ва банк карталарини очиш жараёни кечиккани сабабли тўловлар ҳозирча амалга оширилмаган.
«Ҳозирда мазкур буйруқлар тўлиқ расмийлаштирилмоқда ва барча олий таълим муассасалари талабаларига стипендия тўловлари жорий ҳафта якунига қадар амалга оширилади», — дейилади вазирлик баёнотида.





