«Халқ банки» ДХХ тарқатган маълумотларни инкор этмоқда
Аввалроқ Бухоро вилояти Ромитан туманида «Халқ банки» стандарт банк хизматлари маркази шуъба мудири 800 млн сўм кредит олиб беришни ваъда қилиб, эвазида пора талаб қилганлиги ҳақида хабар берилганди.

«Халқ банки» ДХХ эълон қилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ҳақида расмий муносабат билдирди.
Аввалроқ Бухоро вилоятининг Ромитан туманида АТ «Халқ банки» стандарт банк хизматлари маркази шуъба мудири 800 млн сўм кредит олиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилганлиги, пулнинг 1000 долларини учинчи шахс орқали олган пайтда тезкор гуруҳ томонидан ушланганлиги ҳақида хабар берилган эди.
«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор қўшма тадбирда банкнинг шуъба мудири бошқа тижорат банкида ишловчи танишлари орқали кредит маблағи олиб бериш эвазига учинчи шахс орқали пора олган вақтида қўлга олинганлиги тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади расмий муносабатда.
Хусусан, «Халқ банки» матбуот котиби қўлга олингани айтилган ходимнинг айни тадбир вақтида меҳнат таътилида ва Тошкент шаҳрида бўлганлигини маълум қилган.
«Расмий хулосалар эълон қилингунига қадар, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз. Ҳолат бўйича қўшимча маълумот тақдим қилинади», — дейилади хабарда.





