
Хитой АҚШ қарзларини пулламоқда, бутун дунё харидор
Пекин тўққиз ойдирки АҚШ давлат қарзи облигацияларидан воз кечмоқ, аммо глобал сармоячилар рекорд ҳажмда харидни давом эттиряпти.

Хитой АҚШ молиявий тизимига бўлган боғлиқликни изчил қисқартиришда давом этмоқда. 2025 йил ноябрида Пекин АҚШ ғазначилик облигацияларини (Treasuries) яна 5,39 млрд долларга сотиб юборди ва шу билан тўққизинчи ой кетма-кет нетто-сотувни қайд этди. Шу билан бирга, хорижий инвесторлар қўлидаги АҚШ давлат қарзи умумий ҳажми тарихий максимум —9,36 трлн долларга етди. Бу маълумотлар «Barronʼs» нашри томонидан АҚШ Молия вазирлиги статистикасига таянилган ҳолда келтирилмоқда.
Расмий рақамлар глобал бозорда қарама-қарши тенденциялар шаклланаётганини кўрсатади. Хитой ҳануз АҚШ қарзининг учинчи йирик эгаси бўлиб қолмоқда, бироқ март ойидан буён облигацияларни мунтазам сотмоқда. Октябрда қарийб 15 млрд, сентябрда эса 10 млрд долларга яқин қоғозлардан чиқилди. Мутахассислар бу ҳаракатни геосиёсий кескинлик ва стратегик хатарларни камайтиришга қаратилган қарор сифатида баҳоламоқда.
Бошқа йирик ўйинчиларда эса турли манзара кузатилмоқда. АҚШ қарзининг энг катта эгаси ҳисобланган Япония (1,2 трлн долларлик портфел) ноябрда 3,2 млрд долларлик соф сотувни амалга оширди. Бу апрелдан бери биринчи марта қайд этилган пасайиш бўлди. Шу билан бирга, Буюк Британия АҚШнинг иккинчи йирик кредитори сифатида позициясини сақлаб қолмоқда.
Таҳлилчилар Хитой ҳаракатларини савдо можаролари хавфи билан боғламоқда. Президент Доналд Трамп томонидан эълон қилинган янги бож чоралари — Эрон билан савдо қилувчиларга 25 фоиз ва Россия нефт ҳамда уранини харид қилувчиларга 500 фоизлик тарифлар Пекин учун молиявий ҳимоя стратегиясини тезлаштирган омил бўлди. Шу контекстда Ҳиндистон ҳам олти ойдирки АҚШ облигацияларини сотмоқда.
Шунга қарамай, ҳажми 30,3 трлн долларга етган АҚШ давлат қарзи бозори барқарор қолмоқда. Хитой ва айрим бошқа давлатларнинг сотувлари бошқа мамлакатлар томонидан тўлиқ қопланмоқда. Бу эса глобал сармоя учун АҚШ қарзи ҳануз асосий «хавфсиз гўша» бўлиб қолаётганини кўрсатади.





