Хитой АҚШни ортда қолдириб, яна Германиянинг асосий савдо ҳамкорига айланди
Доналд Трамп жорий этган тарифлар туфайли АҚШга экспорт қисқарган бир пайтда, Хитойнинг Германия учун савдо ҳамкори сифатидаги аҳамияти ортиб бормоқда.

2025 йилда Хитой яна Германиянинг энг йирик савдо ҳамкорига айланди ва АҚШни ортда қолдирди. Германия ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми — экспорт ва импортнинг умумий кўрсаткичлари – 2,1 фоизга ошиб, 251,8 млрд евродан иборат бўлди. Бу ҳақда бугун, 20 феврал куни Висбадендаги Федерал статистика идораси хабар қилди.
АҚШ эса 240,5 млрд евролик (-5,0 фоиз) товар айланмаси билан иккинчи ўринга тушди.
Хитой 2016 йилдан 2023 йилгача Германиянинг асосий савдо ҳамкори бўлган эди, аммо 2024 йилда бу ўринни АҚШга берган. 2025 йил якунларига кўра, учинчи ўринни Нидерландия 209,1 млрд евро (+3,3 фоиз) товар айланмаси билан эгаллади.
АҚШ – немис экспорти учун асосий бозор
Савдо можароси ва Америка божлари оширилишига қарамай, 2025 йилда АҚШ Германия экспорти учун энг йирик бозор бўлиб қолди. «Made in Germany» ёрлиғига эга маҳсулотлар АҚШга 146,2 млрд евро миқдорида етказиб берилди, гарчи бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 9,4 фоизга камайган бўлса-да. Энг катта пасайиш (17,8 фоиз) автомобиллар ва автокомпонентлар экспортида кузатилди.
«Бунга Трампнинг савдо сиёсати айбдор», – дейди Макроиқтисодиёт ва конъюнктура тадқиқотлари институти (IMK) илмий директори Себастян Дуллиен «Reuters» агентлигига берган интервюсида.
У 2025 йил августидан бошлаб АҚШ маъмурияти томонидан немис товарларининг аксариятига 15 фоиз миқдорида бож жорий этилганини эслатди.
Немис экспортининг иккинчи ва учинчи йирик йўналишлари Франция (117,4 млрд евро, +2,0 фоиз) ва Нидерландия (112,5 млрд евро, +2,9 фоиз) бўлди. Бу рейтингда Хитой фақат олтинчи ўринни эгаллади.
Импортда Хитой устунлик қилмоқда
Импорт соҳасида эса Германия ўн йилдан буён энг кўп Хитойга боғлиқ бўлиб қолмоқда. 2025 йилда Хитойдан етказиб бериш ҳажми 8,8 фоизга ошиб, 170,6 млрд еврога етди. Импортнинг асосий қисмини ҳисоблаш техникаси, электрон ва оптик маҳсулотлар (50,9 млрд евро), электр ускуналари (32,8 млрд евро) ҳамда машиналар (13,9 млрд евро) ташкил этди.
Иқтисодчилар Хитой импорти ўсишини АҚШ божлари туфайли товарлар йўналишининг ўзгариши билан боғламоқда. IMK баҳосига кўра, Хитой маҳсулотларининг АҚШ бозорига киришига қўйилган чекловлар уларнинг Европага қайта йўналтирилишига олиб келмоқда ва бу Германия компаниялари учун ички бозорда рақобат босимини кучайтирмоқда.
Германиянинг Хитойга экспорти камаймоқда
Шу билан бирга, Германиянинг Хитойга экспорти 9,7 фоизга камайиб, 81,3 млрд еврога тушди. Таҳлилчилар қайд этишича, Хитой аввал Германиядан импорт қилган товарларни, жумладан автомобилларни, тобора кўпроқ ўзи ишлаб чиқармоқда. Натижада 2025 йилда Германиянинг Хитой билан савдо баланси тақчиллиги 22,4 млрд еврога ошиб, 89,3 млрд еврога етди.
Умуман олганда, 2025 йилда Германия жаҳон бозорига 1,57 трлн евро миқдорида товар экспорт қилди (+1,0 фоиз – сўнгги икки йил ичидаги биринчи ўсиш), импорт эса 4,4 фоизга ошиб, 1,37 трлн еврога етди. Экспортнинг асосий йўналишлари автомобиллар, машиналар ва кимё маҳсулотлари бўлиб қолмоқда.




