Хитой компанияси Тошкент метроси қурилишида иштирок этмоқчи
09.09.2025 | 08:003 daqiqa
Tianjin Rail Transit Group Тошкент метросининг янги станциялари ва замонавий темир йўл лойиҳаларида иштирок этишни режалаштирмоқда. Музокаралар бошлаб юборилган.

Хитойнинг Tianjin Rail Transit Group компанияси Тошкент метросида янги станцияларни қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш ишларида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Oʻzbekiston 24 телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити доирасида халқаро транзит йўналишларини ривожлантириш, чегаралардаги тўсиқларни қисқартириш ва рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинган. Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТ аъзоларига Ўзбекистон орқали ўтувчи транзит имкониятларидан самарали фойдаланишни таклиф этган.
Шу билан бирга, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасига амалиётда старт берилгани ва унинг мантиқий давоми сифатида Трансафғонистон темир йўли қурилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Траспорт вазирининг таъкидлашича, бу икки лойиҳа минтақа транспорт тизимини яхлит ҳолда ривожлантиришга хизмат қилади.
Август ойида транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев Tianjin Rail Transit Group раҳбарияти билан учрашув ўтказиб, Тошкент метросини ривожлантириш ва Тошкент–Самарқанд юқори тезликдаги темир йўл лойиҳалари юзасидан музокаралар олиб борган, Хитой томони ушбу йўналишларга қизиқиш билдирган эди.
Жасурбек Чориев, шунингдек, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон ва Трансафғонистон темир йўллари бўйича ҳам тақдимот ўтказган. Хитой компанияси бу лойиҳаларни молиялаштириш, технология ва инновация жалб этишда ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдиргани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент—Самарқанд йўналиши бўйича юқори тезликдаги темирйўл қурилиши 2026 йилда бошланади.





