add

Хизматлар бозори ҳажмининг учдан бири Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади

27.11.2025 | 12:172 daqiqa

2025 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 818,5 трлн сўмни ташкил этган.

Хизматлар бозори ҳажмининг учдан бири Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажми 818,5 триллион сўмни ташкил этди. Таҳлиллар хизматлар соҳаси мамлакат иқтисодиётида барқарор ўсиш драйверларидан бирига айланганини кўрсатмоқда.

Маълумотларга кўра, хизматлар бозорида энг юқори улуш Тошкент шаҳрига тўғри келди. Пойтахт 312,2 триллион сўм хизмат ҳажми билан республика умумий кўрсаткичининг қарийб учдан бир қисмини таъминлади. Бу сервислар, логистика, молия, савдо ва ахборот технологиялари секторидаги юқори фаоллик билан изоҳланмоқда.

Хизматлар ҳажми бўйича иккинчи ва учинчи ўринларни Самарқанд ҳамда Фарғона вилоятлари эгаллади. Самарқандда 60,3 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилган бўлса, Фарғонада бу кўрсаткич 55,5 триллион сўмни ташкил этди. Тошкент вилояти ҳам 55,3 триллион сўмлик натижа билан етакчи ҳудудлар қаторига кирди.

Андижон ва Наманган вилоятларида кўрсатилган хизматлар ҳажми 42 триллион сўмдан ошди. Қашқадарё вилоятида 41,7 триллион сўмлик, Бухоро вилоятида эса 33,3 триллион сўмлик хизматлар қайд этилди. Бу ҳудудларда савдо, маиший хизматлар ва транспорт логистикаси асосий улушни ташкил этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар бозори 26,9 триллион сўмга тенг бўлди. Сурхондарё вилояти 27,5 триллион сўм, Хоразм вилояти 28,4 триллион сўм кўрсаткич билан иқтисодий фаолликни намойиш этди. Навоий вилоятида эса хизматлар ҳажми 20,2 триллион сўм бўлиб, асосан саноат ва инфратузилма билан боғлиқ сегментлар ҳиссасини акс эттирди.

Хизматлар улуши паст бўлган ҳудудлар қаторида Сирдарё вилояти — 11,3 триллион сўм ва Жиззах вилояти — 19,2 триллион сўм қайд этилди. Бу кўрсаткичлар аҳоли сони, инфратузилма ва иқтисодий фаоллик даражаси билан боғлиқ экани таъкидланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ саноат корхоналарида озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳаси етакчилик қилаётганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Teglar

Mavzuga oid