Logo

Хусусий боғча ва мактаб тўловидан даромад солиғини қандай қайтариб олиш мумкин? Қўлланма

Bugun 18:385 daqiqa

Ўзбекистонда фарзандини нодавлат боғча ва мактабларда ўқитаётган ота-оналар ҳар бир бола қилган харажатларидан даромад солиғини қайтариб олиши мумкин. Vaqt.uz навбатдаги мақолада ушбу имтиёз шартлари ва пулни банк картасига қайтариб олиш тартибларини тушунтиради.

Хусусий боғча ва мактаб тўловидан даромад солиғини қандай қайтариб олиш мумкин? Қўлланма

Мамлакатда хусусий муассасаларда таълим олиш пуллик бўлса-да, амалдаги қонунчиликда ота-оналар ва фарзандликка олувчилар учун баъзи солиқ имтиёзлари белгиланган. Ушбу имтиёздан тўғри фойдаланиш орқали йил якунида давлатга тўланган ортиқча даромад солиғи my.soliq.uz портали орқали қайтарилади.

Имтиёз кимларга берилади?

Солиқ қонунчилигига кўра, хусусий таълим ҳамда болалар парвариши учун тўлов қилувчи фуқароларнинг даромадларидан солиқ ушланмайди ёки тўланган солиқ қайтариб берилади.

Имтиёз фарзандини хусусий боғча ёки мактабга бераётган ота-оналарга берилади. Шунингдек, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болалар учун хусусий боғча ва мактабларда кундузги парвариш хизматига ҳақ тўлаётган ота-оналар ҳам ундан фойдаланиши мумкин.

Бунда имтиёзлар ҳар бир фарзанд учун ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар доирасида амал қилади. Яъни, бир бола учун бир ойда 3 млн сўмгача (йилига 36 млн сўмгача) бўлган таълим ҳамда парвариш харажатлари даромад солиғига тортилмайди.

Масалан, ота-онанинг иш ҳақи 10 млн сўм бўлиб, у ҳар ой фарзандининг хусусий боғчаси ёки мактаби учун 3 млн сўм тўлайди. Имтиёз қўлланмаса, 10 млн сўмнинг барчасидан 12 фоиз даромад солиғи, яъни 1 млн 200 минг сўм ушлаб қолинади.

Имтиёздан фойдаланилганда эса 3 млн сўм солиқ солинадиган даромаддан чегирилади. Натижада солиқ 7 млн сўмдан ҳисобланиб, 840 минг сўмни ташкил этади.

Шундай қилиб, ота-она ойига 360 минг сўм, йилига эса 4 млн 320 минг сўм даромад солиғини тежаши мумкин.

Имтиёздан фойдаланиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Ортиқча тўланган даромад солиғини қайтариб олиш учун Солиқ қўмитасининг my.soliq.uz сайтида онлайн ариза берилади. Бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

●       фарзанднинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси (ёки фарзандликка олинганини тасдиқловчи ҳужжат) маълумотлари;

●       нодавлат таълим ташкилоти билан тузилган шартнома нусхаси;

●       квитанция ва чеклар;

●       кундузги парвариш бўйича ҳужжатлар (агар имтиёз 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болаларнинг парвариш хизматлари учун сўралаётган бўлса, боланинг ногиронлигини тасдиқловчи тиббий маълутнома).

Еслатма, киритилган барча ҳужжатлардаги маълумотлар бир-бирига мос келиши шарт. Яъни хусусий мактаб/боғча шартномаси ва тўлов квитанцияси даромад солиғини қайтариб олмоқчи бўлган ота-она ёки вакилнинг номига расмийлаштирилган бўлиши керак.

Декларацияни тўлдириш тартиби

Зарур ҳужжатлар жамлангач, декларация юбориш жараёни бир неча босқичларидан иборат:

1.     my.soliq.uz сайтига киринг ва OneID тизими (электрон рақамли имзо ёки логин/пароль) орқали шахсий кабинетингизга киринг.

1

                                                                            manba:Vaqt.uz

2.     Сўнг «Жисмоний шахслар» бўлимига ўтиб, «Жисмоний шахснинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация» хизматини танланг.

2

                                                                               manba:Vaqt.uz

3.     Декларациядаги шахсий маълумотларни тўлдиринг ҳамда ўтган йил давомидаги даромадларингиз ҳақидаги маълумотларни текшириб тасдиқланг.

4.     «Солиқ имтиёзлари» бўлимига ўтинг. Имтиёз турлари орасидан «Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар учун тўловлар бўйича имтиёз» йўналишини танланг.

3

                                                                      manba: Soliq qo‘mitasi

5.     Фарзандингиз ҳақидаги маълумотларни киритинг ва аввалдан тайёрлаб қўйилган таълим шартномаси ҳамда тўлов квитанцияларини илова қилинг.

6.     Барча киритилган маълумотларни қайта текшириб, декларацияни сақланг ва юборинг.

Пулни қайтариш тартиби

Солиқ органлари томонидан бириктирилган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, тасдиқлангач, шахсий кабинетда ортиқча тўланган даромадлар солиғи суммаси акс этади. Сўнг уни қуйидаги тартибда банк картангизга ўтказиб олишингиз мумкин бўлади:

●       my.soliq.uz даги шахсий кабинетдан «Жисмоний шахсларга ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш» хизматига ўтинг;

4

                                                                    manba: Soliq qo‘mitasi

●       ўзингизга тегишли бўлган (ЖШШИР ва СТИРИнгизга бириктирилган) банк картаси рақами ҳамда реквизитларини киритинг ва аризани юборинг;

●       агар фуқаронинг бошқа солиқ турларидан (масалан, мол-мулк ёки ер солиғидан) қарздорлиги бўлмаса, ортиқча тўланган даромад солиғи суммаси 15 кун ичида кўрсатилган банк картасига ўтказиб берилади.

Маълумот учун, аввалроқ Ўзбекистонда шартнома асосида олий таълимда ўқиётган талабалар контракт суммасини йил давомида қисмларга бўлиб тўлаши мумкинлиги тўғрисида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid