Ўзбекистонликларнинг асосий даромад манбаи нима эканлиги маълум қилинди

Bugun 17:152 daqiqa

Марказий банк аҳоли даромадлари ва харажатлари бўйича янги сўровнома натижаларини эълон қилди.

Ўзбекистонликларнинг асосий даромад манбаи нима эканлиги маълум қилинди © manba:illustrativ foto

Ўзбекистон аҳолисининг 67 фоизи асосий даромад манбаи сифатида ойлик иш ҳақини кўрсатган. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган сўровнома натижаларида кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, сўровноманинг қолган 33 фоиз иштирокчилари даромадларини томорқа, ёлланиб ишлаш, тадбиркорлик, стипендия, нафақа ва чет элда ишлаётган қариндошлар юборган пуллар орқали топишини билдирган. Дивиденд ва депозит орқали даромад олувчилар эса жуда кам улушни ташкил этган.

Даромад ошишига ишонч бор

Сўровда қатнашганларнинг яна 67 фоизи келгусида ўз даромадлари ошишини кутмоқда. 25 фоиз иштирокчи даромади ўзгармаслигини билдирган бўлса, 8 фоизи камайиш эҳтимоли борлигини айтган.

Айниқса, ойига 7–10 миллион сўм даромад топувчилар ўз молиявий аҳволи яхшиланишига кўпроқ ишонч билдирган. Кам ва жуда юқори даромадли гуруҳлар эса эҳтиёткор позицияни сақлаб қолмоқда.

Соҳалар кесимида қаралганда, маиший хизмат, ИТ, ОАВ, қишлоқ хўжалиги, савдо ва давлат бошқарувида ишловчилар иш ҳақи ошишига кўпроқ умид қилмоқда. Фан, таълим, коммунал хизматлар ва қурилиш соҳаларида эса бу кутилмалар нисбатан паст.

1

Харажатлар ўсиши кутилмоқда

Сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 76 фоизи келгусида харажатлари ошишини тахмин қилган. Бу ҳолат аҳолининг истеъмол фаоллиги сақланиб қолишини кўрсатади.

Ўрта ва нисбатан юқори даромадли қатламлар харажатларнинг ортишини кўпроқ кутмоқда. Энг паст ва энг юқори даромадли гуруҳлар эса аксинча, харажатлар камайиши мумкинлигини билдирган.

2

Иқтисодий кўрсаткичлар ўсмоқда

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил IV чорагида даромадлар субиндекси 72,5 бандни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган чоракка нисбатан 0,6 бандга, йиллик ҳисобда эса 1,4 бандга ошган.

Мазкур ўсиш аҳоли фаровонлиги босқичма-босқич яхшиланиб бораётганини англатади.

Teglar

Mavzuga oid