Янги Жиззах қурилиш лойиҳалари маълум қилинди

26.02.2026 | 09:452 daqiqa

40 гектар майдонда турар жойлар, мактаб, поликлиника ва ягона маъмурий бино қурилиши режалаштирилган.

Янги Жиззах қурилиш лойиҳалари маълум қилинди

Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани туташ ҳудудида 40 гектар майдонда «Янги Жиззах» турар жой массиви барпо этилади. Лойиҳа Президент қарорига мувофиқ амалга оширилиб, ҳудудда яшаш ва ишлаш учун замонавий инфратузилма яратилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳа доирасида 50 та кўп қаватли уй қурилиб, 1200 та хонадон фойдаланишга топширилади. Шунингдек, 1680 ўринли умумтаълим мактаби, бир сменада 200 қатновга мўлжалланган поликлиника ва 280 ўринли мактабгача таълим ташкилоти барпо этилади.

Ягона маъмурий бино

Ҳудудда 21 та давлат идораси жойлашадиган ягона маъмурий бино қуриш режалаштирилган. Янги массивда ягона жамоат транспорти тизими жорий этилиб, 10 километр айланма йўл барпо этилади. Вазирлик буни замонавий урбанистик модел сифатида баҳоламоқда.

Транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 200 километрдан ортиқ автомобил йўллари янгиланади. Хусусан, D-052 Даштобод—Зомин—Бахмал—Ғаллаорол йўли реконструкция қилинади, 143 километр ҳудудий ва 30 километр маҳаллий йўллар таъмирланади. Шунингдек, D-048 ва D-051 йўлларининг айрим қисмлари қайта қурилади.

Лойиҳани молиялаштириш

Лойиҳаларни молиялаштиришга Ислом тараққиёт банки маблағлари жалб этилмоқда. Жаҳон банки иштирокида Шароф Рашидов туманидаги 9 та маҳаллада ижтимоий объектлар ва муҳандислик тармоқлари янгиланади.

Бундан ташқари, Жиззах шаҳридаги оқова сув тозалаш иншоотининг қуввати 30 минг куб метрдан 80 минг куб метргача оширилади. «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида эса 10 минг куб метр қувватли кимёвий оқова сув тозалаш иншооти қурилади. Ушбу чоралар вилоятнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва уни замонавий агломерацияга айлантиришга қаратилган.

Teglar

Mavzuga oid